
Худонинг сўзлари ҳақиқатдир.
Руҳлари шод бўлиши учун отам Усманов Асадулла ҳамда 90 ёшли муслима онажоним Кодоева Таиса Иласовнага бағишлайман.
СЎЗ БOШИ
Субутий ва Зотий сифатларга эга бўлган Роббимиз (Худо — Аллоҳ) ўз ҳикмати билан инсонга яхши ёмонни, бузуқ тузуқни ажратишга ақл бериб, бу икки йўлнинг қайси бирига бўлсин, ўз ихтиёри бўйича юришга эрклик қилиб яратгандир. Савоб ишларни қилиб жаннатга кириш, гуноҳ ишларни қилиб дўзахга тушиш банданинг ихтиёрига боғлиқдир. Шайтон йўлида йўқотган кучни раҳмон йўлида ишлатиш банданинг ўз қўлидадир.
Худо битта, унинг ўхшаши йўқ, фақат у бизнинг қалбимиз эҳтиёжларимизни қондира олади, фақат у мақтов ва садоқатга лойиқдир. Худо солиҳ, у гуноҳни эътиборсиз қолдиролмайди. Худо бизни гуноҳларимизни кечириши учун Ийсо алайҳиссалом Худонинг жазосини ўз зиммасига олди. Одам Яратганнинг ердаги халифаси бўлганлигидан У одамларни севади ва ҳар бири билан бўлишни ҳоҳлайди. Шу сабабдан одамлар Уни улуғлаши ва севиши, ибодатлари ягона Худога бўлиши керак.
Инсонларга диний ишларда йўлбошчилик қилиш учун Аллоҳ таоло пайғамбарлар юборди. Буларнинг биринчиси Отамиз Одам Сафиюллоҳ, энг сўнгиси Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар. Бу икки орада ўтганлар бир ривоятда бир юз йигирма тўрт минг, иккинчи ривоятда икки юз йигирма тўрт минг пайғамбардир. Барчаларининг диний асослари уч нарсага қаралган эди:
Биринчиси, Аллоҳнинг борлигига ва бирлигига (ягоналигига) имон келтириш;
Иккинчиси, ўлгандан кейин яна қайтадан тирилишга ишонмоқ;
Учинчиси, қиёмат кунининг бўлишига ва барча инсонлар бу дунёда қилган ишлари учун сўроқ қилиниши ҳамда тегишлича мукофот ёки жазоланиши муқарарлигига ишонмоқдир.
Мана шу хабарларни бутун инсонларга етказиш учун Аллоҳ таоло шунча кўп пайғамбарларни юборгандир.
Аллоҳ адашган бандаларига раҳм қилиб, уларга тўғри йўлни кўрсатиш, Аллоҳнинг фармонларини кишиларга етказиш билан бирга ўз ҳаётига татбиқ қилиб ўрнак бўлиши учун Парвардигор танланаётган Пайғамбар одамларнинг ўзларидан бўлишини ҳоҳлади.
Худо ҳамма нарсани: ўтмиш, ҳозирги ва келажакни, ҳатто бизнинг фикримизни ва келажакда нима қилмоқчилигимизни билгани учун унинг Пайғамбар танлаши адолатли ва мукаммалдир.
Ушбу китобни ёруғликка чиқишида, менга ҳар томонлама беғараз ёрдам берган, «Ridero» нашриёти платформаси ходимларига, раҳматлар айтиб ўзимни чуқур миннатдорчилигимни билдираман.
Китобни яратилиш жараёнида, мени ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб туришган, рафиқам Аллаёрова Муҳайё, ўғилларим Музаффар ва Равшанларнинг беқиёс хизматларини миннатдорчилик билан таъкидлашни ўз бурчим деб ҳисоблайман.
КИРИШ
Аллоҳнинг элчилари ва пайғамбарларига ишониш имоннинг тўртинчи устинидир. Элчилар (Расул) Аллоҳнинг энг ҳурматли ва севимли қуллари эканлигига ишониш керак, У уларни танлаган, уларга ваҳий юборган ва уларни ҳақиқий динга чақириш учун халқларга юборган. Биринчиси — Одам ота (унга тинчлик бўлсин), охиргиси — Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам). Олдинги элчилар маълум халқларга ва маълум вақтларда юборилган бўлса, Муҳаммад пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бутун инсониятга юборилган. Унинг элчилиги охиратгача кучга эга бўлади ва бутун дунё бўйлаб давом этади. У пайғамбарлар занжирининг сўнгги бўғини бўлган охирги пайғамбари ва элчисидир.
Расул ва Набий пайғамбарлар Аллоҳнинг бутун инсониятдан танлаган ва Аллоҳдан ваҳий олган махсус қулларидир. Аммо элчилар (Расул) пайғамбарлар Набий пайғамбарлардан фарқли ўлароқ, ваҳийни одамларга етказиш мажбуриятига эгалар, улар ўзларининг намуналари ва ҳатти-ҳаракатлари билан одамларга Аллоҳ буюрган йўлдан боришга ёрдам беришган. Барча элчилар бир вақтнинг ўзида пайғамбарлардир, лекин ҳамма пайғамбарлар ҳам элчи эмас. Пайғамбарларнинг аниқ сонини фақат Аллоҳ билади. Баъзи олимларнинг таъкидлашича, жами 124 мингдан ортиқ пайғамбарлар бўлган ва улардан 313 нафари элчилардир.
Улар ўз-ўзидан пайғамбар бўлмайдилар, уларни қодир Тангри танлайди. Аллоҳ пайғамбарларга мўжизалар қилиш (кўрсатиш) учун қобилиятларни берди. Масалан, Мусо алайҳисаломнинг таёғи илонга айланди, Ийсо алайҳисалом касалларни даволади ва ўликларни тирилтира олди. Муҳаммад пайғамбарнинг (соллоллоҳу алайҳи васаллам) энг катта мўжизаси Қуръондир.
Юқорида айтиб ўтилганидек, биринчи пайғамбар ва элчи, биринчи одам — Одам ота, у фақат Аллоҳга сиғинганди. Аммо Одам отанинг баъзи авлодлари охир-оқибат Аллоҳнинг динидан узоқлаша бошладилар, уни бузиб кўрсатдилар. Албатта, Аллоҳ уларга пайғамбарлар ва элчиларни юборди. Аммо одамлар пайғамбарлар орқали уларга берилган кўрсатмаларни яна унитдилар. Ва ҳар сафар халқлар иблиснинг таклифларига бўйсиниб, худбинлик учун ҳақиқий диндан воз кечганларида, Аллоҳ раҳм-шафқати билан, одамларни тўғри йўлга йўналтириш учун, пайғамбарларни уларга юборди.
Яратувчи ҳеч қачон одамларни ҳақиқий йўлдан бориш зарурлиги тўғрисида тушунтиришсиз қолдирмаган. Агар одамлар белгиланган кўрсатмаларга риоя қилиш имконига эга бўлмасалар, уларни нотўғри тушунчалар учун жазолаш адолатдан бўлмайди. Инсон ҳақиқий динни бузиб кўрсатди ва ундан узоқлашди. У Яратувчига ўз ижодининг фазилатларини боғлаган, динни коинот ҳақидаги ўз ғояларига мувофиқ ўзгартирган, қодир Тангрининг амрларини ихтиро қилинган меъёрлар ва урф-одатлар билан алмаштирган, бу эса жамиятнинг ахлоқий таназзулига ва ишончсизликка олиб келган.
Пайғамбарлар ва элчиларнинг ҳар бири аввалгисининг ҳақиқатини тасдиқладилар ва кейингиси ҳақида хабар беришди. Уларнинг барчаси монотеизмга, қодир Тангрининг буйруқлари ва тақиқларига риоя қилишга чақирдилар ва улар ўртасида тўлиқ давомийлик бор эди. Ҳар бир халққа бир ёки бир нечта пайғамбарлар юборилган, улар одамларга ҳақиқат йўлини кўрсатган. Улар ҳақиқатни ривожлантиришнинг ушбу босқичида маълум бир халқ учун мавжуд бўлган шаклда ваъз қилдилар.
Аллоҳ пайғамбарларга мукаммал фазилатларни ато этди. Ушбу фазилатларнинг барчасига эга бўлмаган киши пайғамбар бўла олмайди. Бу ҳақиқат, гуноҳсизлик, ақлнинг мукамаллиги ва қодир Тангри буюрган ҳамма нарсани одамларга етказиш қобилиятидир.
Пайғамбарлар ҳақиқатга энг юқори даражада эга эдилар. Уларнинг сўзлари ҳеч қачон ишларига зид бўлмаган. Улар нима ҳақида гапирган бўлса барчаси амалга ошган. Пайғамбарлар ёлғон гапира олмайдилар, чунки улар Худонинг каломи билан келишган. Агар пайғамбар бир марта ёлғон гапирган бўлса, демак, бу қодир Тангрининг амри, чунки пайғамбарлар ҳар доим ва ҳамма нарсада фақат унинг амрларига амал қилишади. Пайғамбарларга ҳамма нарсада ишонишган. Улар ҳеч қачон сақлаш учун берган нарсаларни ўзлаштирмаганлар.
Пайғамбар қодир Тангри кўрсатган йўлдан адашиши мумкин эмас, яъни гуноҳ қилиши мумкин эмас, чунки пайғамбарнинг ҳатти-ҳаракатлари намуна. Агар пайғамбар битта гуноҳ қилган бўлса ҳам, демак, бу қодир Тангрининг буйруғи ва бошқа одамлар бундай ишни танбеҳ ва жазосиз қилиш ҳуқуқига эга эмаслар. Пайғамбарлар ҳеч қачон аниқ, яширин гуноҳларни, катта ёки кичик гуноҳларни қилмаганлар.
Аллоҳнинг пайғамбарлари энг кўп қийинчилик ва мусибатларни бошидан кечирдилар ва энг кўп азоб чекдилар. Муҳаммад пайғамбар (соллоллоҳу алайҳи васаллам) шундай деган: «Энг кўп азоб чекканлардан пайғамбарлар, кейин уларга эргашганлар ва улардан ўрнак олганлардир». Бироқ, Аллоҳ пайғамбарларга юборган қийинчилик ва бахтсизликлар қанчалик кўпаймасин, Улар уларга қатъий ва муносиб муҳосаба қилдилар. Қодир Тангри пайғамбарларга уларни улуғлаш учун синовлар берди.
Ақл-идрокка эга бўлмаган одам пайғамбар бўлиши мумкин эмас эди, чунки у билан бирга келган нарса мукаммалликдир. Агар пайғамбар мукаммалликка эришмаган одам бўлганида, одамлар унинг ваъзини ҳам шундай деб ҳисоблашган бўлар эди. Бундан ташқари, У мунозараларда ҳақиқатни ҳимоя қила олмайди, одамларга ўз ҳақлигини исботлай олмайди.
Пайғамбар қодир Тангрининг амрларини одамларга етказиши керак. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ваҳий олдилар ва уни одамларга етказишлари шарт эди, чунки улар одамларга ҳақиқат ва унинг амрларини етказиш учун танланган. Пайғамбарлар санаб ўтилганларга қарама-қарши фазилатларга эга бўлолмайдилар. Бу улар учун қабул қилиниши мумкин эмас.
Бундан ташқари, пайғамбарлар оддий одамлар билан бир хил бўлиши мумкин: безовталик, қувонч ва қайғу, касаллик. Улар овқатланишади, ухлайдилар, уларни оилалари ва ишлари бор эди. Аммо, масалан, эпилепсия, шизефрения ва бошқалар каби руҳий касалликлар, уларнинг обрўсига путур етказиши мумкин, пайғамбарларга хос эмас.
.
1. ОДАМ АЛАЙҲИССАЛОМ
Одам алайҳиссалом Худо томонидан яратилган биринчи одам, унинг қовурғасидан биринчи аёл Ҳаво яратилган. Одам ота ва Момо Ҳаво инсониятнинг дастлабки аждодларидир.
ДУНЁНИНГ ЯРАТИЛИШИ. Биринчи куни Худо осмон билан ерни яратди. Ер ҳали шаклсиз ва бўм-бўш бўлиб, тубсизлик узра қоронғилик ҳукм сурар эди. Худонинг Руҳи эса сув юзида парвоз этар эди. Сўнгра Худо ёруғлик пайдо қилиб уни қоронғиликдан ажратди. Худо ёруғликни кундуз, қоронғиликни эса тун деб атади.
Иккинчи куни Худо бир гумбазни вужудга келтириб, гумбаз остидаги сувни гумбаз устидаги сувдан ажратди. «Осмон остидаги сув бир жойга тўплансин, қуруқлик кўринсин», — деди ва шундай ҳам бўлди. Худо қуруқликни ер деб атади, сувларнинг жамини эса денгизлар деб атади.
Учинчи куни Худо: «Ер ўсимлик кўкартирсин: уруғ берадиган ўт-ўланлар, мевасида уруғи бор турли-туман мевали дарахтлар ер юзида ўниб-ўссин», — деди ва шундай ҳам бўлди. Ер турига кўра ўсимликларни: уруғ берадиган ўт-ўланлар ҳамда мевасида уруғи бор мевали дарахтларни ундирди.
Тўртинчи куни Худо: «Кунни тундан ажратиш ҳамда фасллар, кунлар, йилларни белгилаш учун осмон гумбазида ёритқичлар пайдо бўлсин. Булар ер юзини ёритмоқ учун осмон гумбазида нур сочиб турсин», — деди ва шундай ҳам бўлди. Шундай қилиб, Худо иккита катта ёритқични: кунни бошқариш учун каттароқ ёритқични ва тунни бошқариш учун кичикроқ ёритқични, шунингдек, юлдузларни ҳам вужудга келтирди. Ер юзини ёритиб турсин ва тун билан кунни бошқариб, ёруғликни қоронғиликдан ажратиб турсин, деб Худо буларни осмон гумбазида жойлаштирди.
Бешинчи куни Худо: «Сув тўда-тўда жониворлар билан қайнасин, ер устидаги осмон гумбази бўйлаб қушлар учсин», — деди. Худо ҳайбатли денгиз аждарларини, сувда яшайдиган турли-туман майда жониворларни ҳамда қуш-паррандаларни яратди. Худо уларни муборак қилиб: «Баракали бўлинглар, кўпайинглар, денгиз сувларини тўлғазинглар. Ер юзида эса парранда кўпайсин», — деди.
Олтинчи куни Худо: «Ер турли-туман тирик жонни: чорва, судралувчи ҳамда ёввойи ҳайвон турларини ҳосил қилсин», — деди ва шундай ҳам бўлди. Худо ерга хос турли-туман ёввойи ҳайвонларни, чорвани, қуруқликда судралувчиларни вужудга келтирди.
Худо еттинчи кунни муборак ва муқаддас қилиб айирди, чунки У Ўз фаолиятини еттинчи кунда тамомлаб, Ўзининг бутун яратиш фаолиятидан тинган эди. Осмон билан ернинг яратилиш тарихи мана шудир.
Яна Худо: «Ўз суратимизга кўра, Ўзимизга ўхшаш одамни яратайлик. У денгиздаги балиқлар, кўк юзидаги паррандалар, чорвалар ва бутун ер юзи ва ерда ҳаракат қилувчи барча махлуқот устидан ҳокимлик қилсин», — деди.
Шундай қилиб, Худо одамни Ўз суратида, илоҳий суратда яратди. Уларни эркак ва хотин қилиб яратди. Худо одамларни муборак қилиб, уларга: «Баракали бўлинглар, кўпайинглар. Ер юзини тўлғазиб тобе қилинглар. Денгиздаги балиқлар, кўк юзидаги паррандалар ҳамда ер юзида ҳаракатланувчи барча ҳайвонлар устидан ҳоким бўлинглар», — деди.
Худо давом этиб: «Мана, Мен сизларга бутун ер юзидаги уруғ берадиган ўт-ўланнинг ва уруғли мева берадиган дарахтларнинг ҳаммасини бердим; сизларга овқат учун ярайди. Шунингдек, тирик жони бўлган бутун ёввойи ҳайвонларга: кўк юзида учиб юрувчи барча паррандаларга ва ер юзида ҳаракат қилувчи барча махлуқларга ҳам емиш учун кўк ўтнинг ҳар турли навини бердим», — деди ва шундай ҳам бўлди.
АДАМ ВА ЕВАНИНГ ЯРАТИЛИШИ. Худованди Карим ернинг тупроғидан одамни шаклини ясаб, унинг димоғига ҳаёт нафасини пуфлаб, Адамни тирик жон қилиб яратди. Сўнгра Адан ўлкасида боғ ўтқазиб, кўзга ёққан, емоққа яхши бўлган ҳар хил дарахтларни ердан ўстирди. Боғнинг ўртасида эса ҳаёт дарахтини, шу билан бирга яхши ва ёмонни билиш дарахтини ҳам ўстириб, Ўзи яратган одамни, Адан боғини ишлаб парвариш қилиши учун, у ерга жойлаштирди.
Худованди Карим Адамга: «Сен бу боғнинг ҳар бир дарахтидан еявергин. Фақат яхши ва ёмонни билиш дарахтидан ема. Чунки ундан еган куниёқ ўласан», деди. Сўнгра Худованди Карим Адам ёлғиз бўлмаслиги учун унга муносиб мададкор яратиш мақсадида, тупроқдан ҳар хил дашт ҳайвонларини, кўкда учувчи ҳар хил паррандаларни ясади ва уларга от қўйиш мақсадида Адамнинг олдига келтирди. Адам эса ҳар бир жонли махлуққа от қўйди ва ўша махлуқнинг оти шундай бўлди. Адам ҳамма чорва туёқларига, ҳамма осмон паррандалари ва дашт ҳайвонларига ҳам от қўйиб бўлди, аммо Адамга мувофиқ мададкор топилмади.
Шунда Худованди Карим Адамни қаттиқ уйқуга мубтало қилди ва у ухлаб қолгач, унинг қовурғаларидан биттасини олди ва ўрнини эт билан қоплади. Адамнинг қовурғасидан бир аёл барпо қилиб, уни Адамнинг олдига олиб келди. Шунда Адам: «Мана, энди бу суяк менинг суякларимдан, бу эт менинг этимдандир. У хотин киши деб айтилади, зероки у эр кишидан олинган», — деди. Шунинг учун киши ота-онасини қолдириб, ўз хотинига ёпишиб қолади ва иккови бир тан бўладилар. Шунда одам билан хотини қип-яланғоч бўлиб, бир-биридан уялмас эдилар.
АДАМ ВА ЕВАНИНГ ГУНОҲ ҚИЛИШИ. Худованди Карим яратган барча дашт ҳайвонлари орасида энг айёри илон эди. Илон Евага: — Чиндан ҳам Худо, боғдаги ҳеч бир дарахтнинг мевасидан еманглар, деб айтдимикин? — деди. Ева илонга деди: — Боғ дарахтларининг мевасидан ея оламиз- у, Худо фақат боғнинг ўртасидаги дарахтнинг мевасини еманглар, унга тегманглар, бўлмаса ўласизлар, деди. Илон Евага: — Йўқ, мутлақо ўлмайсизлар! Чунки Худо биладики, ундан еган куниёқ кўзларингиз очилиб қолади ва Худо каби яхши ва ёмонни биладиган бўласизлар, — деди. Ева кўрсаки, дарахтнинг меваси емоққа яхши, кўзга ёқимли ҳамда дид-фаросат топишга фойдали экан. У дарахтнинг мевасидан олиб, еди. Сўнг эри Адамга ҳам берди, у ҳам еди. Шу онда икковининг кўзлари очилиб, яланғоч эканларини пайқадилар. Анжир баргларини бир-бирига тикиб, ўзлари учун ёпинчиқлар ясадилар. Куннинг салқин шабадаси эсган вақтда Адам ва унинг хотини Ева боғда юрган Худованди Каримнинг овозини эшитиб қолишди. Улар Унинг назаридан қочиб, боғдаги дарахтлар орасида яширинишди. Лекин Худованди Карим Адамга хитоб қилиб, сўради: — Қаердасан? — Мен овозингни боғда эшитдим-у, қип- яланғочман деб қўрқиб, яшириндим, — деди Адам. Худованд: — Яланғоч эканингни сенга ким айтди? Ё Мен ема деб буюрган дарахт мевасидан едингми? — дея сўради. Адам: — Сен берган бу хотин дарахтнинг мевасидан менга берди ва мен ҳам едим, — деди. Худованди Карим хотинга: — Бу нима қилганинг? — деди. — илон мени алдади ва мен едим, — деди хотин. Шунда Худованди Карим илонга айтди: «Бу қилган ишинг учун сен ҳамма чорва туёқлари ва ҳамма дашт ҳайвонларидан кўра лаънатисан. Умринг бўйи қорнинг билан судралиб юриб, тупроқ ейсан. Сен билан хотин орасига, сенинг зотинг билан унинг зоти орасига адоват соламан. Ўша зот сенинг бошингни эзиб ташлайди, сен эса унинг товонини чақасан». Кейин хотинга деди: «Сенинг ҳомиладорлик пайтидаги машаққатингни бағоят орттираман. Сен дард билан фарзандлар туғасан. Иштиёқинг эрингга бўлади, у эса сенга ҳоким бўлади». Кейин Адамга деди: «Сен хотинингнинг гапига қулоқ солдинг, Мен ема деб буюрган дарахт мевасидан единг. Энди сен сабабли ер лаънатидир. Умринг бўйи машаққат чекиб, ер ундирган ҳосилдан ейсан. Ер сенга тикану янтоқ ўстиради, сен эса дашт ўтини еб юрасан. Сен ердан олингансан ва ерга қайтгунингга қадар пешана тери билан нон еб юрасан. Зеро тупроқдирсан ва тупроққа қайтарсан». Шундан сўнг Адам хотинининг исмини Ева (яъни Барҳаёт) қўйди, чунки у ҳамма ҳаёт эгаларининг онаси бўлди. Худованди Карим Адам ва унинг хотини учун теридан кийим ясаб, уларни кийинтирди. «Мана, одамзод яхши ва ёмонни фарқлашда худди Биздай бўлиб қолди! — деди Худованди Карим. — Энди, тағин қўлини чўзиб, ҳаёт дарахти мевасидан ҳам олмасин, уни еб абадий яшамасин!» Шу билан Худованди Карим, ўзи чиққан ерни ишласин, деб одамзодни Адан боғидан чиқариб юборди. У одамзодни ҳайдаб юборди-да, ҳаёт дарахтига борадиган йўлни қўриқлаш учун Адан боғининг шарқий томонига карубларни ва айланадиган алангали қилични қўйди.
КАИН БИЛАН АВЕЛЬ. КАИННИНГ НАСЛ-НАСАБИ. СИФ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ ТУҒИЛИШИ. Адам хотини Евага яқинлашгач, у ҳомиладор бўлиб Каинни туғди. Ева: «Худованд берган қобиллик билан бир кишини қўлга киритдим», — деди. Кейинроқ унинг укаси Авелни туғди. Авель қўйчивон, Каин эса деҳқон бўлди. Бир муддатдан кейин Каин ернинг маҳсулидан Худовандга ҳадя тақдим этди. Авель ҳам қўйларининг каттасидан қурбонлик сўйиб, унинг думбасини тақдим этди. Худованд Авелни ва унинг ҳадясини манзур кўрди. Аммо Каинни ва унинг ҳадясини манзур кўрмади. Шунда Каин қаттиқ ранжиб, қовоғини солди. Худованд Каинга: — Нима учун сен ранжидинг? Нега қовоқ солиб ўтирибсан? Агар яхшиликни ният қилганингда, унда бош кўтариб юрмасмидинг? Агар ниятинг яхши бўлмаса, остонада гуноҳ пойлаб туриб, сени ўзига жалб қилади. Сен эса, аксинча, унга ҳоким бўл! — деди.
Каин укаси Авель билан сўзлашиб олди. Улар даштда бўлган вақтда Каин укаси Авелга қарши қўл кўтариб уни ўлдирди.
Худованд Каиндан сўради: — Уканг Авель қаерда? — Билмайман, мен укамнинг соқчисими? — деди Каин. Худованд: — Сен нима иш қилиб қўйдинг? Укангнинг қони тупроқдан Менга қараб фарёд этмоқда. Энди ўзингнинг дастингдан оғзини очиб укангнинг қонини ютиб қўйган тупроқдан қувилиб, лаънати бўлгайсан. Ерга ишлов берганингда ҳам, у ўз қувватини бошқа сенга бермас. Ер юзида сарсон-саргардон бўлгайсан, — деди. Каин Худовандга: — Менинг жазойим кўтара оладиганимдан ҳам каттадир. Агар Сен мени бугун бу тупроқдан ҳайдасанг, энди Сенинг ҳузурингдан яшириниб юраман, жаҳонда сарсон-саргардон бўламан. Ҳар бир йўлиққан жонзод мени ўлдириб юборар, — деди. Худованд Каинга: — Агар кимки Каинни ўлдирса, ундан етти карра ўч олинар, — деди-ю, Каинни ҳар бир йўлиққан урмаслиги учун унга бир нишона қўйди.
Шундай қилиб, Каин Худованд ҳузуридан чиқиб кетди-да, Аданнинг шарқий томонидаги Нод ерида ўрнашди. Каин хотинига яқинлашгач, у ҳомиладор бўлиб Енохни туғди. Каин шаҳар бинокори бўлди. Қурган шаҳрини эса ўғлининг номи билан Енох деб атади.
Адам яна ўз хотинига яқинлашди. У эса бир ўғил туғиб: «Каин ўлдирган Авель эвазига Худо менга бошқа зурриёт берди», — деди ва унинг исмини Сиф қўйди. Сиф ҳам бир ўғил кўрди, исмини Енос (яъни Инсон) қўйди. Ўша пайтда инсонлар Худованднинг исмини чақира бошладилар.
ЯРАТИЛИШДАН ТЎФОНГАЧА ЎТГАН ЎН АВЛОД. Бу Адам авлодларининг китобидир: Худо Адамни яратган кунида унга илоҳий сурат берди. У одамларни эркак ва аёл қилиб яратди. Уларни яратган кунининг ўзидаёқ муборак қилиб, уларга Одамзод номини берди.
Адам бир юз ўттиз ёш умр кўргандан сўнг, ўзига ўхшаган, ўзининг суратидек бир ўғил — Сифни кўрди. Сиф туғилганидан кейин Адам яна саккиз юз йил яшаб, кўп ўғиллар ва қизлар кўрди.
Тавротда келтирилган Адам авлодларининг китобига кўра, яратилишдан тўфонгача тўққиз авлод ўтган бўлиб, ўнинчиси Нуҳ алайҳиссаломдирлар ва У кишининг аждодларининг исмлари (кўрган умрлари) энг юқорисидан бошлаб қуйидагилардир: Адам (930), Сиф (912), Енос (905), Қаинан (910), Малелеила (890), Иареда (962), Енох (365), Мафусал (969), Ламех (777), Ной- беш юз ёшга кириб, учта: Сим, Ҳам ва Иофет деган ўғилларни кўрди.
Одам жами тўққиз юз ўттиз ёш умр кўриб, ўлди.
ҚУРЪОНИ КАРИМ ОДАМНИНГ ЯРАТИЛИШИ ВА ИБЛИСНИНГ ЖАННАТДАН ҚУВИЛИШИ ҲАҚИДА. Биринчи инсон Одамнинг яратилиши Бақара сурасида қуйидагича баён этилади: «Эсла, вақтики Роббинг фаришталарга: «Албатта, Мен ер юзида халифа қилмоқчиман», деди. «Унда фасод қиладиган, қон тўкадиган кимсани қилмоқчимисан! Ҳолбуки, биз Сенга тасбеҳ, ҳамд айтиб ва Сени улуғлаб турибмиз», дедилар. (У Зот) «Мен сиз билмаганни биламан», деди. (Бақара 30 оят). Бундан Аллоҳу таоло Одамга улкан ишонч билдиргани ва Ўзининг ер юзидаги ўринбосари — халифаси бўлишини ирода этгани маълум бўляпти.
Одамлардан баъзиларининг бузғунчилик қилиши ёки қон тўкиши, шунингдек, фаришталарнинг тасбеҳ ва ҳамд айтиб, Тангри таолони ҳамиша улуғлаб туришлари ҳам ер юзида халифа яратиш иродасига тўсиқ бўла олмади. Шунинг учун ҳам Аллоҳу таоло фаришталарнинг эътирозларига қарамай, Аллоҳ таоло фаришталарнинг эътирозларига қарамай, «Инсонни сополга ўхшаш қуриган лойдан яратди». (Роҳман сураси 14 оят). Оятда тупроқдан лой қилиниб, уни одам шаклига келтириб қуритилганлиги, сўнгра руҳ киритилганлиги ва инсонни йўқдан бор қилган Зот уни тупроқдан яратганлиги маълум бўлади.
«Ва Одамга исмларнинг барчасини ўргатди, сўнгра уларни фаришталарга рўбарў қилди. Кейин: «Агар ростгўйлардан бўлсангиз, анавиларнинг исмларини менга айтиб беринг». деди (Бақара 31 оят). Фаришталар у нарсаларга исм қўйишдан ожиз қолдилар ва ўз ожизликларини тан олиб: «Ўзинг поксан! Бизда Сен билдиргандан бошқа илм йўқ. Албатта, Сен билгувчисан ва ҳикматли Зотсан», дедилар. (Бақара 32 оят). Фаришталар билмаган нарсаларини, сўзсиз, билмаймиз, деб айтдилар. Билмаган нарсасини тан олиб, вақтида «билмайман», дейиш ҳам катта одоб, ҳам катта илм ҳисобланади.
Сўнгра Аллоҳу таоло Ўзининг ер юзидаги халифаси — одамнинг фазлини изҳор қилиш учун: «Эй одам, буларга у нарсаларнинг исмларини айтиб бер», деди. Уларга инсон ўзини ўраб турган барча ашёларнинг белгиси сифатида исмни, маънони ишлатиб нарсаларнинг исмларини айтиб берган чоғида, «Сизларга осмонлару ернинг ғайбини биламан ва сизлар беркитмагану беркитган нарсаларни ҳам биламан демабмидим», деди. (Бақара 33 оят). Ҳис қилинадиган, жисмга эга бўлган нарсаларни фаҳмлаш учун нутқий рамзларни ишлатиш инсон ҳаётида энг улуғ қудратлардан биридир. Шу билан одамнинг фаришталардан устунлик тарафи намоён бўлди. У ҳам бўлса, илм-маърифат. Одамнинг ер юзида халифа бўлишининг асосий сабаблардан бири–илм олишга истеъдодининг борлигидир. Инсон ер юзида фасод қилиши, қон тўкиши ҳам мумкин, неъмати илоҳий бўлмиш илмни ўз ўрнида ишлатиб, фаришталардан устун бўлиши ҳам мумкин.
Одамнинг фазли фаришталар кўз олдида намоён бўлгандан кейин Аллоҳ таоло: «Эсла, фаришталарга: „Одамга сажда қилинглар!“ деганимизни». Фаришталарга сажда қилишни буюриб, Аллоҳ Одамга улкан мартаба ато этди. Аммо бу сажда ибодат учун эмас, балки Одамни — Аллоҳнинг улуғ ижодини табриклаш маъносида эди.
«Бас, сажда қилдилар, фақат Иблис бош тортди, мутакаббирлик қилди ва кофирлардан бўлди». (Бақара 34 оят). «У Зот: «Сенга амр этганимизда сажда қилишингдан нима тўсди?» деди. (Иблис) «Мен ундан яхшиман, мени ўтдан яратдинг ва уни лойдан яратдинг», деди». (Аъроф сураси 12 оят). Шунда: (У Зот): “ Бас, у (жаннат) дан туш! Сен учун унда мутакабирлик қилиб юриш йўқ. Бас, чиқ! Албатта, сен хору зор бўлгувчилардансан», деди. (Аъроф 13 оят). Иблис Аллоҳнинг амрини билиб туриб, эътиқод қилиб туриб, унга амал қилмагани учун Аллоҳнинг даргоҳидан қувилди, Унинг лаънатига учради. Иблис Аллоҳнинг лаънатига учраб турган пайтида ҳам одам зурриётига ёмонлик қилишни унутмади. У Аллоҳдан одамлар қайта тирилтириладиган кунгача уларни иғво қилиш мақсадида бу дунёда туришга муҳлат сўради: (У) «Роббим, менга улар қайта тирилтирилажак кунгача муҳлат бергин!», деди. Аллоҳ таоло унинг сўроғига жавобан: “ (У Зот) «Албатта, сен муҳлат берилганлардансан, маълум вақт кунигача», деди. (Сод 80—81).
Иблис Аллоҳ таолонинг иззати ила қасам ичиб, Одам болаларини қиёмат кунигача иғво қилишни қасд этди. Шу билан бирга, Аллоҳга ихлос қилган, Аллоҳ таоло танлаб олган бандаларга иғвоси таъсир қилмаслигини ҳам айтиб қўйди. Инсонни шайтоннинг иғвосидан сақловчи қалқон унинг Аллоҳга ихлос билан ибодат қилишидир. Иблиснинг иғвосига учганларнинг оқибатини Иблиснинг ўзига Худо ўша пайтдаёқ эълон қилиб қўйган. (У Зот) «Ҳақ шулки, зотан, Мен фақат ҳақни айтурман. Албатта, жаҳаннамни сен ва улардан сенга эргашганлар билан жамлаб тўлдирурман», деди. (Сод сураси 84—85 оят) ва Иблисни жаннатдан қувиб чиқарди. Иблис билан инсон орасида душманлик шундан бошланади. Бу душманлик, яхшилик вакили ила ёмонлик вакилининг курашига айланди.
ШАЙТОН ВАСВАСАСИ ВА УНГА ОДАМНИНГ УЧГАНИ. Қуръонда Момо Ҳавони яратилиши тўғрисида муайян бир нарса айтилмаган, аммо Нисо сурасининг биринчи оятида: «Эй одамлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан унинг жуфтини яратиб, икковларидан кўплаб эркагу аёлларни таратган Роббингиздан қўрқинглар!,…» дейилганидан, Аллоҳу таоло Одамдан унинг жуфти Момо Ҳавони яратганлиги келиб чиқади. Аллоҳу таоло Одамдан Момо Ҳавони яратди. Ва: «Эй Одам, сен ўз жуфтинг ила жаннатда маскан топ. Унда нимани ҳоҳласаларигиз, енглар, ош бўлсин ва мана бу дарахтга яқин келманглар, бас, у ҳолда золимлардан бўласиздар», дедик. (Бақара 35 оят).
Аллоҳ таоло жаннат тўла нарсаларни Одам ота ва Момо Ҳавога неъмат қилиб берди, лекин биргина дарахтга яқинлашишни тақиқлади. Аммо бу тақиқ одам учун зарур, унга керак эди. Зеро, тақиқ бўлмаса, одам чегара нима эканини билмай, ҳайвонга ўхшаб, кўнгли тусаган нарсани қиладиган, оқибатда у дунёни эмас, дунё уни бошқарадиган бўлиб қоларди. Тақиқ инсон иродасини мустаҳкамлайди, уни шаҳватидан ғолиб келишга ўргатади, ҳар бир нарсанинг меъёри, чегараси борлигини англатади. Ушбу нарсаларни фаҳмлаш ва уларга амал қилиш билан инсон ҳайвондан тубдан фарқ қилади. Аллоҳ таоло одамга ақлу ирода бергани, уни ўзининг ер юзидаги халифаси этиб тайинлагани учун ҳам унга ушбу тақиқни жорий қилиб, доимо иродасини чиниқтириб туришини хоҳлаган.
Шайтон Одам билан Ҳавони Аллоҳ таолонинг амридан чиқишга чорлай бошлади. «Бас, шайтон икковларининг беркитилган авратларини очиш учун уларни васваса қилди ва: „Роббингиз сизни ушбу дарахтдан фақат икковингиз фаришта бўлмаслигингиз ёки абадий қолмаслигингиз учунгина ман қилди“, деди». (Аъроф 20 оят). Шайтон, асосан, инсонни шарманда қилиш, унинг айбини–авратини очиш учун жиддий жаҳд этади. Аммо ниятини яшириб, инсоннинг заиф томонидан ҳужум қилади, ундаги шаҳват ва ҳавас оловини алангалатади. Шайтон ўз васвасасини ҳақиқат деб кўрсатиш учун: «Уларга: „Албатта, мен сизларга насиҳат қилувчиларданман“, деб қасам ичди». (Аъроф 21 оят). Яъни, шайтон Аллоҳ таолонинг номи ила қасам ичиб, ўз иғвосини насиҳат, деб атади.
Шайтон ўзининг ушбу иғвоси ила: «Бас, уларни алдов ила паст (ҳолат) га туширди. Икковлари дарахтдан татиб кўришганда, авратлари ўзларига кўриниб қолди ва ўзларига жаннат баргларидан тўсиқ тўқий бошладилар. Шунда Роббилари уларга нидо қилиб: „Сизларни ана ўша дарахтдан қайтарган эмасмидим ва, албатта, шайтон икковингизга очиқ-ойдин душмандир, демаганмидим?!“ деди». (Аъроф 22 оят). Шайтон мақсадига етди. Одам ота ва Момо Ҳавони алдаб, ўз йўлига солди ва ниҳоят уларни гуноҳкор қилиб, мартабасини пастлатди.
Аллоҳ таоло Одам ва Ҳавога тақиқланган ишни қилиб, гуноҳор бўлганларини айтиб, эътироз билдирди. Одам билан Ҳаво ўзларини Иблис алайҳи лаъна каби тутмадилар, икковлари дарҳол гуноҳларига иқрор бўлдилар ва: Икковлари: «Эй Роббимиз, биз ўзимизга зулм қилдик. Агар бизни мағфират қилмасанг ва бизга раҳм қилмасанг, албатта, зиён кўрганлардан бўламиз», дедилар (Аъроф 23 оят) ва тавба қилдилар.
ХУДОНИ ЖАННАТДАН ТУШИШГА АМРИ. Шайтон алайҳи лаъна ҳам, инсон ҳам даставвал хатога йўл қўйдилар. Аммо оқибат натижа икки хил бўлиб чиқди. Шайтон лаънатга гирифтор бўлди. Инсон раҳматга эришди. Уларнинг бу мартабаларига гуноҳдан кейинги ҳолатлари сабаб бўлди. Гуноҳкор шайтон кейин ҳам кибру ҳавони тарк этмади. Гуноҳига иқрор бўлиб, тавба қилмади. Боз устига, ўз қилмишини тўғри деб даъво қилди. Одам эса, дарҳол тавба қилди ва Аллоҳ таолодан мадад истади.
Шундан сўнг Аллоҳ таоло Одам, Ҳаво ва Иблисга хитоб қилиб: У Зот: «Бир-бирингизга душман бўлган ҳолингизда тушинглар. Сизларга ер юзида қароргоҳ бор ва маълум вақтгача фойдаланиш бор», деди. У Зот: «Унда ҳаёт кечирасизлар, унда ўласизлар ва ундан қайта чиқариласизлар», деди». (Аъроф 24—25 оят). Аллоҳ таоло Одам, Ҳаво ва Иблисни жаннатдан ер юзига тушишга амр қилди. Одам билан шайтон ер юзига бир-бирларига душман бўлган ҳолларида тушдилар ва қиёматгача бир-бирларига душман бўлиб қолдилар. Шайтон одам туфайли саждадан бош тортиб, Аллоҳнинг лаънатига дучор бўлди ва қиёматгача уни иғво қилишга аҳд қилди. Унинг табиати ёмонлик қилишдан иборат.
Одам шайтоннинг васвасасига учиб, Аллоҳ олдида гуноҳкор бўлди. Сўнгра тавба қилиб, Аллоҳга илтижо этди. Демак, Одамнинг асл табиатида яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам бор. Яхшилик йўлини тутса, Аллоҳнинг амрига бўйсуниб, шайтондан юз ўгиради. Ёмонликни ишга солса, шайтоннинг айтганини қилади. Қайта тирилтириладиган кунгача (қиёматгача) шундай бўлиб қолаверади. Аллоҳ уларга шуни раво кўрган.
Улар қиёматгача ер юзида яшаб, ундаги бор неъматлардан ризқланиб турадилар. Аллоҳ таоло Одам болаларининг ер юзида истиқомат қилиб, умри тугагач ўлиб, қайта тирилишларига ишора этаркан: «Унда ҳаёт кечирасизлар, унда ўласизлар ва ундан қайта чиқариласизлар, деди». Шундай бўлмоғи муқаррар. Қайта тирилганларида ер юзида қилган амаллари эвазига мукофот ёхуд жазо оладилар, жаннат ёки дўзахга тушадилар.
ХУДО ОДАМНИНГ ТАВБАСИНИ ҚАБУЛ ҚИЛДИ. Аллоҳ таоло Одам билан Ҳавони ер юзида хоҳлаганларингча кунларингни кўраверинглар деб ўзларини ҳолларига ташлаб қўйган эмас, балки уларга энг зарур неъматларни ато айлаган, ҳатто тавба қилиш учун зарур калималарни ҳам Ўзи ўргатган: «Бас, Одам Роббидан сўзларни қабул қилиб олди, кейин (У Зот) унинг тавбасини қабул қилди. Албатта, У тавбани қабул қилувчи ва раҳмли Зотдир». (Бақара 37 оят). Аллоҳ шу пайтда Одамга илҳом орқали маълум сўзларни берди, у эса уларни қабул қилиб олиб айтди, шундан кейин Аллоҳ унинг гуноҳидан кечди. Момо Ҳавони гуноҳи Одамга эргашганлигидан Одамнинг зикри билан кифояланилиб, кечирилди. Уламоларимиз, Одам алайҳиссалом Аллоҳ таолодан қабул қилиб олган калималар кейинроқ келадиган: «Роббана заламнаа анфусана», дея бошланувчи ёлвориш калималари эди, деганлар. Оятнинг охирида Аллоҳ таолонинг тавбани қабул қилувчилик сифати: «Албатта, У тавбани қабул қилувчи ва раҳмли Зотдир», деб зикр қилинишидан ўша сўзларда тавба ўз аксини топганлиги билиниб турибди.
«Ундан ҳаммангиз тушинг, Бас, Мендан сизга ҳидоят келажак. Ким Менинг ҳидоятимга эргашса, уларга хавф йўқ ва улар хафа ҳам бўлмаслар», дедик». (Бақара 38 оят). Аллоҳдан бандаларига келадиган ҳидоят Пайғамбар ва илоҳий китоблардан иборат бўлади. Демак, Аллоҳ ҳидоятга йўллашини, Пайғамбар ва китобларини юбориб туришини аввал бошданоқ айтиб қўйган. Ким Аллоҳнинг ҳидоятига — Пайғамбарига ва Китобига эргашса, уларга келажакда ҳеч қандай хавф-хатар йўқ ва улар аввал бўлиб ўтган ишлардан хафа ҳам бўлмайдилар.
ОДАМ ОТА БИРИНЧИ ПАЙҒАМБАР. Ер юзига тушганларидан кейин Одам ота ва Момо Ҳаво кўплаб ўғил ва қиз фарзандлар кўрдилар. Момо Ҳаво ҳар сафар бир ўғил, бир қиз туғар эдилар. Ўша давр тақозасига кўра, биринчи жуфтликдаги ўғил қизлар иккинчи жуфтликдагилар билан оила қурар эдилар. Шундай тарзда вақт ўтиши билан одам зоти кўпайиб борди ва оталари Одам ота уларга пайғамбар бўлдилар.
Одам отанинг пайғамбар бўлганларига Қуръони Каримдан ва ҳадиси шарифдан далиллар бор. Аллоҳ таоло «Оли Имрон» сурасида: «Албатта, Аллоҳ Одамни, Нуҳни, Оли Иброҳимни, Оли Имронни оламлар устидан танлаб олди». (Оли Имрон 33 оят). Тоҳо сурасида эса: «Сўнгра Робби уни танлаб олди, бас, тавбасини қабул қилди ва ҳидоятга бошлади», деган. (Тоҳо 122 оят) Яъни, тавбада бардавом бўлишни кўнглига солди.
Имом Термизий Абу Ҳурайра розиялоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбар (с.а.в): «Қиёмат куни мен Одам фарзандининг сайидидирман ва фахрланиш эмаску, қўлимда ҳамд байроғи бўладир. Ҳеч бир набий йўқки; Одамми, ундан бошқасими, ҳаммаси менинг байроғим остида бўлмаса. Фахр эмаску, мен устидан қабр биринчи ёриладиган шахсдирман», деганлар. Ушбу далиллар Одам отани ҳам Набий ҳам Расул Пайғамбар бўлганларини кўрсатади.
ОДАМНИНГ ИККИ ЎҒЛИ ҚИССАСИ. Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз (с.а.в.) га хитобан ушбу қиссани кишиларга тиловат қилиб беришни амр қилди: «Уларга Одамнинг икки ўғли хабарини ҳақ ила тиловат қилиб бер. Икковлари қурбонлик қилганларида, бирларидан қабул қилинди, бошқасидан қабул қилинмади. У: «Албатта, мен сени ўлдиражакман», деди. Бириси: «Албатта, Аллоҳ тақводорлардангина қабул қиладир. Агар мени ўлдириш учун қўл кўтарсанг, мен сени ўлдириш учун қўл кўтармасман. Албатта, мен, оламларнинг Робби-Аллоҳдан қўрқаман. Албатта, мен, ўзимнинг гуноҳимни ҳам, сенинг гуноҳингни ҳам олиб кетишингни, шу сабабдан дўзах аҳлидан бўлишингни хоҳлайман. Ана ўша золимларнинг жазосидир», деди. (Моида 27—29 оятлар). Аммо бу гаплар иккинчисига таъсир қилмади. «Нафси унга биродарини ўлдиришни яхши кўрсатди. Бас, уни ўлдирди. Шу сабабдан зиёнкорлардан бўлди». (Моида 30 оят).
У бу дунёда насиҳат қилувчисидан, яхшилик қилувчисидан ва ёрдам берувчисидан айрилиб зиён кўрди. Охиратда эса биродарини ўлдиргани учун дўзахга тушади. Қотил биродарини ўлдириб қўйгандан кейин, бу ер юзидаги биринчи ўлик бўлганлигидан нима қилишни билмай қолди. Шунда: «Аллоҳ ер юзида кезиб юрган қарғани унга биродарининг ўлигини қандай кўмишини кўрсатиш учун юборди. У: „Шўрим қурсин! Мана шу қарғачалик бўлиб, биродарим ўлигини кўма олмадим-а?!“ деди. Бас, у надомат қилувчилардан бўлди». (Моида сураси 31 оят).
Ривоятларда келишича, шу пайтда Аллоҳ унга ўликни кўмишни ўргатиш учун икки қарғани юборган. Улар қотилнинг устига учиб келганларида, фақат Аллоҳнинг ўзигагина маълум сабабдан, қарғалардан бири ерга қулаб тушиб, ўлган. Сўнгра иккинчи қарға ўлган қарғани ерни ковлаб кўмган. Қарға қарғанинг ўлигини кўмганини кўрган қотил ўзидан нафратланди, ғурурга кетганидан ҳасад қилиб, бегуноҳ биродарини ўлдирган бу жоҳил, вақти келганда бир қарғачалик бўла олмай қолган.
2.НУҲ АЛАЙҲИССАЛОМ
НУҲ АЛАЙҲИССАЛОМ. Тахминан мил. авв. 4—3 минг йилликда яшаганлар. Нуҳ алайҳиссалом мустақил шариат ила келган, ширкдан огоҳлантирган биринчи пайғамбар бўлганлар, пайғамбарларнинг шайхи номини олганлар ва ул Зот алайҳиссалом улул-азм беш пайғамбарнинг (Нуҳ, Иброҳим, Мусо, Ийсо, Муҳаммад) биридирлар.
НУҲ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ НАСАБЛАРИ. Таврот китоби ―Ибтидо қисмининг 5- бобида келтирилган Одам авлодларининг китобига кўра, яратилишдан тўфонгача тўққиз авлод ўтган бўлиб, ўнинчиси Нуҳ алайҳиссаломдирлар ва У кишининг аждодлари энг юқорисидан бошлаб қуйидагилардир: Одам, Шит, Энўш, Қенан, Маҳолалил, Ёред, Ҳанўх, Матушалоҳ, Ламак. Демак, Нуҳ алайҳиссаломнинг оталарининг исми Ламак, энг катта боболари — Одам ота бўлган. Одам авлодининг китобидан ҳисобланганда, Одам отадан Нуҳ алайҳиссалом давридаги тўфонгача бўлган вақт 1700 йил атрофида бўлган.
ОДАМЗОТНИНГ БУЗИЛИШИ. Худо Одам ота билан момо Ҳавони жаннатдан ерга туширгач, уларнинг зурриётлари тезда кўпайиб, касбу-кор ўрганиб, хайрли ишлар қилиб яшай бошладилар. Улар отамиз Одам алайҳиссаломнинг динига эътиқод қилиб, ягона Худога ибодат қилишар эди. Одам отанинг авлодлари ичида Худодан қўрқадиган, тақводор, атрофдагилар ҳурмат қиладиган, солиҳ кишилар ҳам бўлган эди. Улар куни битиб ўлганларидан кейин, шайтон ҳийла ишлатиб қолган кишиларга: «Агар сизлар вафот этган солиҳ кишиларни ҳақиқатда яхши кўрсаларингиз ва эслаб туришни хоҳласаларингиз уларни суратларини чизиб қўйинг, эртаю кеч назар солиб турасизлар», деди. Одамларга бу гап маъқул бўлиб, уларнинг суратларини чиздириб осиб қўйишди. Кишилар аввалига суратларга қараб уларни эслаб туришди, сўнгра суратлар ўрнига ҳайкаллар ясаб, ибодатхона ва уйларга қўйишди. Ҳар бир солиҳ киши вафот этгандан сўнг, унга ҳайкал қўядиган бўлишди.
Охир-оқибатда кишилар ҳайкалларга сажда қиладиган, улардан ёрдам сўрайдиган ва қурбонлик атайдиган бўлиб қолишди, ҳайкалларни буту-санамларга айлантириб олишди. Одамлар уларни худо даражасига кўтариб, уларга эътиқод билан ибодат қила бошладилар. Ҳар бир қавм ўз Худосига эга бўлди. Ягона Худодан кўп Худоликка сиғиниш ва ер юзида инсонларга зарурий маҳсулотларни (ресурсларни) бир текис жойланмаганлиги ҳамда уларни чекланганлигидан қавмлар орасида қарама қаршиликлар вужудга келди. Зодагонларнинг ўз шахсий манфаатларини қавм манфаатларидан устун қўйиши, Худодан қўрқмасдан ҳаром-харишдан бойлик ортириши ҳамда фоҳишабозлик қилиб гуноҳ орттириши, охир-оқибат одамларнинг бирдамлигини йўқолишига ва жамиятни бузилишига олиб келди. Бундай ҳолат Худони ғазабини келтирди.
ЯНГИ ПАЙҒАМБАРЛАР ЮБОРИШ ЗАРУРАТИ. Одамларни Яратганга эмас ўзлари ясаб олган ҳайкалларга сиғиниши, бир томондан, қавмлар задогонлари ва ҳукмдорларининг ўз манфаатларини қавм аҳли манфаатларидан устун қўйиши, ўзларидан кетиб, Худодан қўрқмасдан ҳаром-ҳаришдан турмуш кечириши, ва бу етмагандек бу ишлари билан фахрланиб мақтаниши, иккинчи томондан, кўпчилик одамларнинг аранг тирикчиликни ўтказишлари ва ночор кун кечиришларига Худо раҳм қилиб, адашган бандаларига тўғри йўлни кўрсатиш, яратган Тангрига ширк келтирмасдан ёлғиз унинг ўзигагина ибодат қилишлари ҳамда қавм аҳлини ижтимоий муҳофаза қилиш учун янги Пайғамбар юборишни ирода қилди.
Парвардигор бу Пайғамбар одамларнинг ўзларидан, ўзларига ўхшаш бир одам бўлишини хоҳлади. Шунда Пайғамбарга ҳам одамларга ҳам осон бўлади. Чунки, Пайғамбар ўз қавмининг тилини, урф-одатини, яшаш тарзини, шароитларни ва бошқа жиҳатларини яхши билади. Бандалари ҳам Пайғамбар бўлиб келган зотнинг шахсини яхши танийдилар. Ундан ташқари Пайғамбар Худонинг фармонларини кишиларга етказиш билан бирга ўз ҳаётига татбиқ қилиб одамларга ўрнак бўлиши ҳам зарур эди.
НУҲ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ ЮБОРИЛИШЛАРИ. Нуҳ алайҳиссаломнинг насаблари Одам алайҳиссаломга бориб тақалади. Одам авлодининг китобидан ҳисобланганда, Одам отадан Нуҳ алайҳиссалом давридаги тўфонгача бўлган вақт 1700 йил атрофида бўлган. Нуҳ алайҳиссаломнинг қавмлари бут-санамларга ибодат қилиб уларга сиғинар эдилар. Ўша замону маконда яшаган кишилар ичида бой, задогонлари кўп бўлишига қарамасдан, Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссаломни Пайғамбар қилиб танлади. Нуҳ карамли, солиҳ, ақлли, ҳалим, тўғри сўз, омонатли, меҳрибон одам эди. Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссаломга ваҳий тушириб, ўз қавмини ягона Аллоҳга ибодат қилиш учун чақиришга ва Ундан ўзгага ибодат қилишдан қайтариишга юборди ва қавмини динга чақиришга буюрди.
Нуҳ алайҳиссалом, мен сизга пайғамбар бўлдим, деб ўз қавмларига мурожаат қилганларида, баъзилар «Бу қачондан бери Пайғамбар бўлиб қолибди? Кечагина биз билан юрган эди-ку», дейишди.
Мутакаббир бойлар эса: «Аллоҳ қашшоқдан бошқани топа олмабди-да, нима, бошқалар ўлиб битган эканми?» дейишди.
Бошқа бировлар эса: «Нуҳ шу йўл билан обрў топмоқчи, бошлиқ бўлмоқчи», дедилар.
Шундай қилиб, Нуҳ алайҳиссалом ўз қавмларини иймонга чорлади, санамларни тарк этиб, Аллоҳга ибодат қилишга даъват эта бошлади. Лекин фақат саноқли кишилар иймонга келдилар, холос. Бу мўминлар ҳалол касблари билан ҳаёт кечирувчи кишилар эдилар. Бойлар эса: «Ялангоёқ, мискинларга ошно бўлмаймиз», дейишди.
Бу ҳолатни Аллоҳ таоло «Нуҳ» сурасида қуйидагича баён этади: «Биз Нуҳни ўз қавмига, қавмингни уларга аламли азоб келишидан аввал огоҳлантиргин, деб расул қилиб, юбордик». (Нуҳ сураси 1 оят). Нуҳ алайҳиссалом Арабистон ярим оролига Пайғамбар этиб юборилган. У қавмга: «Эй қавмим! Албатта, мен сизларга юборилган аниқ огоҳлантирувчидирман (Нуҳ 2- оят) деди.
НУҲ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ ДАЪВАТЛАРИ ВА ХАСРАТЛАРИ. Нуҳ алайҳиссалом ўз қавмини динга чақириш бўйича Алоҳу таолони буйруғини бажаришга киришдилар. У: «Эй қавмим, албатта, мен сиз учун очиқ-ойдин огоҳлантирувчиман. Аллоҳга ибодат қилинглар, Унга тақво қилинглар ва менга итоат қилинглар. У сизларнинг гуноҳларингиздан мағфират қиладир ва сизни белгиланган ажалгача қўйиб қўядир. Агар билсангиз, албатта, Аллоҳнинг ажали орқага сурилмайдир», деди. (Нуҳ 2—4 оятлар).
Нуҳ алайҳиссалом Алоҳга мурожаат қилиб ўз қавмларидан саркашлари билан олиб борган даъват ишларини қуйидагича баён қилади. У: «Роббим, мен ўз қавмимни кечаю кундуз даъват қилдим. Менинг чақириғим уларда қочишдан бошқа нарсани зиёда қилмади. Ва албатта, қачонки мен уларни Сенинг мағфират қилишинг учун чақирсам, улар бармоқларини қулоқларига тиқдилар ва кийимларига бурканиб олдилар, ҳамда (кофирликда) собит бўлдилар ва ниҳоятда улкан такаббурлик қилдилар. Сўнгра албатта, мен уларни жаҳрий даъват қилдим. Сўнгра албатта, мен уларга ошкора ва яширин (даъват) қилдим.», деди. (Нуҳ 5—9).
Шу билан бирга уларни қизиқтириш учун диндорликдан бу дунёнинг ўзидаёқ келадиган фойдаларни ҳам зикр қилдилар: «Бас, Роббингизга истиғфор айтинг, албатта, У гуноҳларни кўплаб мағфират қилувчидир» (Нуҳ 10 оят), деди. Агар бу оятга амал қилсангиз… «У зот осмондан устингизга кетма-кет барака ёмғирини юборадир. Ва сизга молу мулк ва бола-чақа ила мадад берадир ва сизларга боғу роғлар ҳамда анҳорларни берадир», дедилар. (Нуҳ 11—12).
Қуръони Каримнинг кўпгина оятларида қалб поклиги, диндорлик ва ҳидоятда юришдан ризқнинг мўллиги, фаровонлик ва серобчилик келиб чиқиши таъкидланган. Жумладан «Аъроф» сурасида: «Агар қишлоқлар аҳллари иймон келтирганларида ва тақво қилганларида эди, албатта, уларга осмону ердан баракотларни очиб қўяр эдик. Лекин улар ёлғонга чиқардилар, бас, уларни қилган касблари туфайли тутдик» (Аъроф 96 оят), дейилади. Бундан Аллоҳ таоладан қўрққан, яхши амалларни қилган, адолат ва омонликни жорий қилган халқ фаровонлик, тараққиёт ва бахтли ҳаётга эришади. Инсонларга осмон ва заминдан баракот эшиклари очилиши учун биргина шарт кифоя, яъни инсон иймонли ва тақволи бўлиши лозим экан. Ана ўшанда, унга осмону заминдан баракотлар эшиги ланг очиб қўйилади. Чунки иймон инсонни баракотли ҳаёт йўлига бошлайди, тақво эса уни фаравон ҳаёт йўлига солади. Иймон билан тақво бир-бирига чамбарчас боғлик бўлганидек, баракот ҳам уларга боғлиқдир.
Нуҳ сурасидаги кейинги оятда Нуҳ алайҳиссаломнинг ўз қавмларига Аллоҳнинг азаматини ўйлаши лозимлиги хитоб қилинади: «Сизларга нима бўлдики, Аллоҳнинг азаматини ўйлаб кўрмайсизлар? Ҳолбуки, сизларни ҳолатма-ҳолат яратди. Аллоҳ етти осмонни қандоқ қилиб табақама-табақа яратиб қўйганини кўрмадингизми? Ва улар ичида ойни нур ва қуёшни чироқ қилиб қўйганини (кўрмадингизми)?» (Нуҳ 13—16). Одамларнинг ҳолатма-ҳолат яратилиши, етти осмоннинг табақама-табақа халқ қилиниши, ойнинг нур ва қуёшнинг чироқ қилиб қўйилиши ҳар бир банда учун Аллоҳ таолонинг чексиз қудратига далил бўлиб хизмат қилади. Ҳар бир банда мазкур нарсалардан ўзига керакли хулосани чиқариб олиб, Аллоҳнинг азаматини ўйлаши, Унга иймон келтириб, итоат ва ибодат қилиши лозим бўлади.
Кейинги оятларда ҳам банда Аллоҳнинг азаматини ўйлаши, Аллоҳ тамонидан унга берилган неъматларни шукрини қилиши лозимлиги ҳақида сўз кетади. Ҳар бир жонзод, шу жумладан, одамзот ҳам набототларга ва уларга боғлиқ бўлган нарсалардан озиқланиб яшайди, шу сабабдан кейинги оятда: «Ва Аллоҳ сизларни ердан ўстириб чиқарадир». (Нуҳ 17), дейиляпти. Банда ўзини ердан ўстириб қўйган зотга иймон келтириши, Унинг азаматидан қўрқиши, Унга итоат ва ибодат қилиши лозим. Чунки, «Сўнгра сизларни унга қайтарадир ва яна чиқарадир». (Нуҳ 18).
Сизни ердан ўстирган Зот сизни яна ерга қайта киритади. Охиратда эса қайта тирилтириб, сизни яна ердан чиқаради. Шунинг учун ҳам сиз доимо Унинг азаматини ўйлаб иш қилишингиз лозим. Бу иш қиёмат куни сизни қайта тирилтириш билан бўлади. Ана ўшанда бу дунёдаги зарра оғирлигидаги яхшию ёмон ҳамма амалларимиз ҳисоб-китоб қилинади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таолога иймон келтириш, Унга итоат ва ибодат қилиш керак.
Аллоҳ таоло сизни фақат яратибгина қўймаган балки, бу дунёда яшашингиз учун ҳамма шароитни муҳайё қилиб берган. «Ва Аллоҳ сизларга ерни гиламдек тўшаб қўйди. Унда сиз кенг йўллардан юришингиз учун», деб айтди». (Нуҳ 19—20). Аллоҳ таоло ерда ҳамма шароитларни яратиб, одамлар бу дунёда бекаму куст-яшашлари ва ҳаёт кечиришларини таъминлаб қўйганини эслатганидан сўнг ҳам Нуҳ қавми ўз залолатидан қайтмади.
Шунда Нуҳ алайҳиссалом исёнкор қавм билан қилаётган ишлари ва дардларидан ҳасратландилар. «Нуҳ деди: «Роббим, албатта, улар менга исён қилдилар ва моли, бола-чақаси хусрондан бошқани зиёда қилмаганга эргашдилар». Яъни, бойларга эргашдилар. «Ва ниҳоятда улкан макр қилдилар». (Нуҳ 21—22). Нуҳ алайҳиссалом қавмидаги мутакаббир бойларнинг қилган улкан макрлари ҳамда шайтон васвасаси туфайли кишиларнинг Худо деб эътиқод қилган ва ибодат қилган ҳайкалларга сиғиниши қуйида келадиган оятда баён қилинади. «Ва: «Олиҳаларингизни ҳеч тарк қилманглар, ва, албатта, Ваддни ҳам, Суваъни ҳам, Яғусни ҳам, Яъуқни ҳам ва Насрни ҳам тарк қилманглар», дедилар». (Нуҳ 23).
НУҲНИ ҚАВМИ ИЛА ТОРТИШУВИ. Нуҳ алайҳиссаломнинг мақсади — қиёмат кунининг азобига бандаларнинг гирифтор бўлмаслиги. Ўшал кун азобига дучор бўлмаслик учун Аллоҳга ибодат қилиш, Унга иймон келтириб, бу дунёда Унинг ҳукмларини адо этиб яшаш керак. Ҳаётнинг ҳамма жабҳасида Унинг айтганларини қилиш, қисқаси, Унинг ҳақ динига мукаммал амал қилиш банданинг бирламчи вазифаси. Чунки бу дунёнинг мутлақ ҳокими–Унинг Ўзи. «Унинг қавмидан бўлган зодагонлар: «Албатта, биз сени очиқ-ойдин залолатда эканингни кўряпмиз», (Аъроф 60) дедилар. Ҳар бир қавмнинг ўз зодагонлари бўлади. Уларни зодагон қилган, мол-дунёси, пули, куч-қудрати, маккорлиги ва устамонлиги бўлади. Бу зотлар қавм номидан гапириш ҳаққини ўзларига ўзлари берганлар.
Нуҳ алайҳиссалом қавмларидан ношойиста жавобни эшитган бўлишларига қарамай, уларга ҳақиқатни англатишга ҳаракат қилдилар ва уларнинг кўнгилларини овлаш учун: «Эй қавмим, менда залолат йўқ…», дедилар. Нуҳ (алайҳиссалом) ўзларидан ботил туҳматларни даф этдилар ва тўрт сифатга эга эканликларини таъкидлаб ўтдилар:
1. «Балки мен барча оламларнинг Парвардигори томонидан юборилган Пайғамбарман!», яъни, менда залолат ёки адашиш йўқ, мен оламлар Раббиси томонидан сизларни Унинг ёлғиз Ўзига ибодат қилишга ва Ундан ўзгага сиғинишдан қайтариш учун юборилганман.
2. «Мен сизларга Парвардигоримнинг вазифаларини етказурман», Яъни, амр-буйруқ, қайтариқ, панд-насиҳатлардан иборат бўлган ва мен Аллоҳ томонидан қилинган ваҳийни етказаман.
3. «Сизларга насиҳат қилурман», яъни, сизларни камол топтирадиган, бахт-саодатга етказадиган насиҳатларни таълим бераман.
4. «Мен Аллоҳ тарафидан сизлар билмайдиган нарсаларни билурман», яъни, Аллоҳ таоло ўз фазлу карами билан менга сизлар билмайдиган нарсаларни билдирди ва мен ўша илм билан сизларни огоҳлантираман.
Барча оламларнинг Робби мени сизларга Пайғамбар қилиб юборди. Ўша улуғ вазифани адо этиб мен: «Сизларга Роббимнинг юборганларини етказаман». Аллоҳ таоло икки дунё саодатига эришишингиз учун нималар қилишингиз лозимлигини баён қилиб сизларга кўрсатмалар–амрлар, наҳийлар, турли ҳукмлар йўллади. Юборилган бу кўрсатмаларни сизга мен етказяпман, холос. Шу билан бирга, керак бўлиб қолганда, сизларга ўз томонимдан: «насиҳат қиламан». Чунки мен: «Аллоҳ томонидан сиз билмаган нарсани биламан». (Аъроф 61—62). Кейин, оятнинг давомида Нуҳ алайҳиссалом ўз қавмларининг у кишининг Пайғамбар бўлиб келганларидан ажабланганликлари ноўрин эканини ҳамда Пайғамбарликнинг асл мақсадини баён қилдилар: «Ўзингиздан бўлган бир кишига, сизларни огоҳлантириш учун ва тақво қилиб, шояд раҳматга эришсангиз деб Роббингиздан эслатма келганидан ажабланасизларми?!» деди». (Аъроф 63).
Нуҳ алайҳиссаломдан бу гапларни эшитган кофир қавм ақлий тортишувда енгилиб, ўз одатларича, дўқ қилишга ўтдилар: " Эй Нуҳ, агар тўхтамасанг, албатта, тошбўрон қилинганлардан бўласан», дедилар. (Шуаро сураси 116).
Нуҳ алайҳиссалом уларга куюниб тушунтиришларига қарамай: Бас, уни ёлғончига чиқардилар. Ҳамда бу ноқулай ҳолат мисли кўрилмаган даражада узоқ давом этди. «Бас, у улар ичида эллик йили кам минг йил турди» (Анкабут 14) Аллоҳнинг Пайғамбари Нуҳ алайҳиссалом турли йўллар билан тўққиз юз эллик йил даъват қилсалар ҳам, озгина одамдан бошқа ҳеч ким иймонга келмади.
НУҲ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ ДУОЛАРИ. «Дарҳақиқат улар кўпларини адаштирдилар. Ва Сен золимларга залолатдан бошқани зиёда қилма», деди». (Нуҳ 24) Нуҳ алайҳиссалом ўз қавмларига қилган ушбу дуоибадни, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло у зотга: сенинг қавмингдан ҳозир иймонга келганларидан ўзгаси зинҳор иймонга келмас, деб хабар берганидан сўнг, уларнинг иймонларидан ноумид бўлиб туриб қилганлар.
Кейинги оятда эса очиқ-ойдин жавоб келади: « (Улар) хатолари туфайли ғарқ қилиндилар, бас, оловга киритилдилар. Бас, ўзларига Аллоҳдан ўзга ёрдамчи топа олмадилар». (Нуҳ 25).Уламоларимиз ушбу оятни қабр азобига далилдир, деганлар.
Шундай бўлса ҳам, Нуҳ алайҳиссалом яна бир марта даъват қилдилар. Саркаш қавм эса, «Биз билан кўп тортишдинг, гапинг рост бўлса, ваъда қилаётган азобни келтир», деди. Нуҳ алайҳиссаломнинг умидлари узилди, ғазаблари келди ва Нуҳ: «Эй Роббим, ер юзида кофирлардан бирорта ҳам ҳаракатланувчини қўймагин. Албатта, Сен уларни тек қўйсанг, бандаларингни адаштирурлар ва фожиру кофирдан бошқа туғмаслар». (Нуҳ 26—27).
Нуҳ алайҳиссалом энди келадиган оятда мўминларни дуои хайр қиладилар. «Роббим, мени мағфират қилгин, менинг ота-онамни ҳам ва уйимга мўмин бўлиб кирганларни ва мўминлару мўминаларни ҳам. Ва золимларга ҳалокатдан ўзга нарсани зиёда қилма», деди». (Нуҳ 28). Нуҳ алайҳиссаломнинг дуолари қабул бўлди.
Нуҳ алайҳиссалом ўз қавмининг ўта кетган саркашлигини ҳамда залолатга маҳкам ёпишиб олганини, уларга ваъз–насиҳат таъсир қилмаслигини англаб етдилар. Шунча йиллар ўтса ҳам, кофирлар иймонга келмадилар. Уларнинг иймонга келишига ҳеч қанай умид қолмагандан сўнг Нуҳ алайҳиссалом охирги дуоибадни қилишга мажбур бўлдилар. Шунинг учун илтижо ила Аллоҳ таолога нидо айлаб: (У) «Роббим, шубҳасиз, қавмим мени ёлғончи қилдилар. Бас, Ўзинг мен билан уларнинг орамизни яхшилаб очгин ва менга ҳамда мен билан бирга бўлган мўминларга нажот бергин» (Шуаро сураси 117—118 оятлар), деб дуо қилдилар.
ДУО ҚАБУЛ ВА КЕМА ЯСАШГА АМР. Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссаломнинг бу дуоларини қабул қилди. «Ва Нуҳга: „Қавмингдан аввал иймон келтирганлардан бошқа ҳеч ким иймон келтирмас ва уларнинг қилмишларидан қайғуга тушмагин. Бизнинг риоятимиз ва ваҳиймиз ила кема ясагин ҳамда зулм қилганлар тўғрисида Менга гап очмагин, албатта, улар ғарқ бўлгувчилардир“, деб ваҳий қилдик». (Ҳуд сураси 36—37 оятлар). Керагича даъват қилинди, тушунтирилди, иймонга келадиганлар келиб бўлди. Қолганлар гап-сўз, насиҳат таъсир қилмайдиганлардир. Ўзинг эса: «Бизнинг риоятимиз ва ваҳиймиз ила кема ясагин». Кема ясашингни Биз риоямизга оламиз ва Ўзимиз ваҳий орқали ўргатиб турамиз. Қиссамизни шу жойидан Тавротни биринчи китоби Ибтидо китобининг 6 бобидан давом эттирамиз.
Худо Нойга: Сен ўзингга шамшод ёғочидан кема ясагин. Кемани хона-хона қилиб, ичкаридан ва ташқаридан қатронлагин. Кеманинг узунлиги уч юз газ, кенглиги эллик газ, баландлиги эса ўттиз газ бўлсин. Кемада туйнук очиб, устини бир газ юқорироқда том билан ёпиб қўйгин. Кеманинг эшигини унинг ён томонида жойлаштиргин. Кемани пастки, ўрта ва юқори қаватли қилиб қургин.
У киши кема ясамоқдалар-у: «Ўз қавмидан бўлган зодагонлар қачон олдидан ўтсалар, уни масхара қилдилар». Кечагина, Пайғамбарман, Аллоҳдан менга ваҳий келди, деб юрган одам бугун нажжорлик қилиб кема ясаши улар учун кулгили эди. Лекин Нуҳ алайҳиссалом бу ишни ўзларича қилаётганлари йўқ. Кема ясаш ҳам Аллоҳнинг ваҳийси ила бўлмоқда. Шунинг учун у зот мутлақо жиддийлик билан ишламоқдалар ва мутлақо мустаҳкам ишонч ила: «Агар бизни масхара қилсангиз, биз ҳам худди сиз бизни масхара қилганингиздек сизни масхара қиламиз», дедилар. Чунки у зот Аллоҳдан келган ваҳий орқали ўзларининг қутулиб қолишларини ва масхара қилаётган кофирларнинг ғарқ бўлишларини яхши биладилар. Шунинг учун сўзларининг давомида: «Бас, яқинда кимга шарманда қилувчи азоб келишини ва кимнинг устига муқим азоб тушишини билиб олурсиз», деди». Азоб кимга келади, бизгами, сизгами, ўшанда кўрамиз. Ана ўшанда ҳақиқий масхара қилиш вақти келади.
Яна Худо Нойга: «Мен ер юзини тўфон билан бостириб, фалак остида ҳаёт руҳига эга бўлган ҳамма махлуқларни маҳв этаман. Ерда яшовчи борлиқ мавжудот ҳалок бўлади. Мен фақат сен билан аҳд тузиб, шундай шарт қўяман: сен билан ўғилларинг, хотининг ва келинларинг кемага кириб қутуласизлар. Шунингдек, сен билан тирик қолишлари учун ҳамма жонзодлардан кемага киргизгин: ҳар бир махлуқнинг эркак ва урғочи жинсидан иккитадан олиб киргизгин. Парранда, чорва, ерда қимирловчи жониворларнинг ҳаммасидан иккитадан сен билан борсин ва тирик қолсинлар. Бундан ташқари, ейиладиган ҳар хил озиқ-овқатдан ҳам етарли ғамлаб олгин. У Сен ва жониворлар учун емиш бўлсин», — деди.
Худо нимаики буюрган бўлса, Ной ҳаммасини худди шундай бажо келтирди.
ТЎФОН ФАЛОКАТИ. Худо Нойга: «Сен бутун хонадонинг билан кемага киринглар. Чунки бу насл орасидан Менинг назаримда солиҳ бўлган ёлғиз сени топдим, — деди. Ҳалол бўлган ҳар бир чорва туёғининг эркак ва урғочи жинсидан еттитадан, ҳаром бўлган чорванинг эркак ва урғочи жинсидан эса иккитадан олиб, ўзинг билан кемага киргизгин. Осмондаги паррандаларнинг ҳам эркак ва урғочи жинсидан еттитадан олиб киргизгин, токи бутун ер юзида яшовчи ҳар хил жониворлардан тирик қолганлар бўлсин. Чунки етти кундан кейин Мен ерга қирқ кечаю қирқ кундуз давом этадиган ёмғир ёғдираман. Ўзим бунёд этган барча мавжудотни ер юзидан қириб ташлайман». Ной эса Худо буюрган ҳамма нарсани бажо келтирди. Ной олти юз ёшда бўлганда, ер юзини тўфон сувлари босди. Ной ва унинг ўғиллари, хотини, келинлари у билан бирга тўфондан қочиб, кемага кирдилар. Худо Нойга буюрганидек, ҳалол ҳамда ҳаром чорва туёқларининг, паррандалар ва барча ерда қимирловчи ҳайвонларнинг эркак ва урғочи жинсидан жуфт-жуфт бўлиб Нойнинг олдига кемага кирдилар. Ўша етти кун ўтгандан сўнг ер юзини тўфон сувлари босди. Ной умрининг олти юзинчи йили, иккинчи ойининг нақ ўн еттинчи кунида улкан тубсизлик булоқлари бари қайнай бошлаб, осмон қопқалари очилиб кетди. Кетидан ер юзига қирқ кечаю қирқ кундуз ёмғир ёғди. Ана шу куннинг ўзида Ной ва унинг ўғиллари Сима, Хама ва Иафета, Нойнинг хотини билан учта келини ҳаммаси бирга кемага кирдилар. Улар билан бирга барча ёввойи ҳайвон, чорва ва ерда қимирловчи майда жониворлар турлари, шунингдек, барча парранда турларидан хилма-хил патли қушлар кемага кирдилар. Ҳаёт руҳига эга бўлган ҳар бир махлуқдан жуфт-жуфт бўлиб Нойнинг олдига, кемага кирдилар. Худо Нойга буюрганидек, кемага кирган ҳар бир махлуқнинг эркак ва урғочи жинсидан бор эди. Охирида Худо Нойнинг кетидан эшикни ёпиб қўйди. Қирқ кун давомида ер юзини тўфон босди, сувлар тошиб, кемани ердан юқорига кўтарди. Ер юзини босаётган сув тошқини тобора кучайиб борар экан, кема сув юзида сузиб юрар эди. Ер юзидаги сув тошқини беҳад кучайиб, осмону фалак остидаги баланд тоғларнинг ҳаммасини қоплаб олди. Сув тошқини тоғу тепаликдан ўн беш газ юқорироқ кўтарилиб, ҳамма ёқни кўмиб ташлади. Ер юзида ҳаракат қилувчи ҳар бир махлуқ — парранда ҳам, чорва ҳам, ёввойи ҳайвонлар ҳам, ерда қимирловчи майда жониворлар ҳам, одамлар ҳам бирдан ҳалок бўлдилар. Қуруқликда яшовчи димоғида ҳаёт нафаси бор бўлган ҳар бир жонзод ўлиб кетди. Ерда бор бўлган бутун мавжудот қирилди. Одамдан тортиб чорвагача, ерда қимирловчи махлуқдан тортиб кўкда учувчи қушгача бари ер юзидан қирилди. Фақат Ной ва у билан бирга кемада бўлганлар тирик қолдилар. Ер юзидаги сув тошқини эса бир юз эллик кун давом этди.
ТЎФОНДАН ҚУТИЛИШ, НOЙНИНГ ҚУРБОНГОҲИ ВА ХУДОНИНГ ВАЪДАСИ. Тўфондан қутилиш, Нуҳнинг қурбогоҳи ва Худонинг ваъдаси Таврот китоби ―Ибтидо қисмининг 8- бобида қуйидагича тасвирланади. Нoй ва у билан бирга кема ичида бўлган ёввойи ҳайвонлар ва чорванинг ҳаммаси Худонинг хотирида бўлиб, У ер юзи устидан шамол эстирди. Шундан сўнг сувлар пасая бошлади. Тубсизлик булоқлари тугаб, осмон қопқалари ёпилиб, ёғаётган ёмғир тиниб қолди. Сув бора-бора ер юзидан қайтиб, камайиб кетди, кема Арарат тоғлиги устига келиб тўхтаб қолди. Ной умрининг олти юз биринчи йили, биринчи ойининг биринчи кунида ерни қоплаган сув қуриб кетди. Худо Нойга хитоб қилиб: «Сен хотининг, ўғилларинг ва келинларинг билан кемадан чиқиб кетинглар! Сен билан бирга бўлган ҳайвонларнинг ҳаммасини, парранда, чорва туёқлари, ерда ҳаракат қилувчи махлуқлар қанча бўлмасин, ўзинг билан ташқарига чиқаргин. Улар ер юзида баракали бўлиб кўпайсин, ер бўйлаб қайнаб боришсин», — деди.
Шунда Ной билан ўғиллари, хотини ва келинлари ташқарига чиқдилар. Улар билан барча ёввойи ҳайвонлар, майда жониворлар, паррандалар — ер юзида ҳаракат қилувчи махлуқлар қанча бўлмаса-да, ҳаммаси оила- оила бўлиб кемадан чиқиб кетдилар. Сўнгра Ной Худо шаънига қурбонгоҳ қурди. Ҳар бир ҳалол чорвадан, ҳар бир ҳалол паррандадан олиб, қурбонгоҳ устида сўйиб куйдирди.
Худо қурбонлик тутунининг хуш ҳидини искаб, Ўз кўнглида деди: «Мен ерни одамзод туфайли бошқа лаънатламайман. Зероки одамзод кўнглидаги фикр-хаёл ёшлигиданоқ бузуқдир. Мен аввал қилганимдек, энди бошқа ҳамма жониворларни уриб нобуд қилмайман. Бундан кейин ер бор экан, экин-тикин, ўрим- йиғим, совуқ билан иссиқ, ёз билан қиш, кун билан тун тугамайди».
ХУДОНИНГ НOЙ ВА УНИНГ ЎҒИЛЛАРИ БИЛАН ҚИЛГАН АҲДИ. Таврот китоби ―Ибтидо қисмининг 9- бобида Худонинг Ной ва унинг ўғиллари билан қилган аҳди қуйидагича ҳикоя қилинади:
Худо Ной билан ўғилларини муборак қилиб, деди: «Баракали бўлиб кўпайинглар, ер юзини тўлғазинглар. Ердаги ҳамма ҳайвонлар, осмондаги барча паррандалар, бутун ер юзида ҳаракат қилувчи махлуқлар ва бутун денгиздаги балиқлар сизлардан қўрқиб, даҳшатга тушадилар. Ана, улар қўлингизга топширилган. Яшаётган ҳар бир жонивор сизлар учун емиш бўлади; кўк ўт каби буларнинг ҳаммасини ҳам сизларга бердим. Фақат этни ўз жони, яъни қони билан еманглар.
Айниқса сизнинг жонингизни олгандан Мен хун талаб қиламан. Одам жонини олган ҳар бир ҳайвондан, шунингдек, ўз қон-қардошининг жонини олган ҳар бир одамдан Мен хун талаб қиламан. Ким одам қонини тўкса, унинг қони одам қўли билан тўкилур. Зеро одам Худо суратида яратилгандир. Сизлар баракали бўлиб кўпайинглар, ер юзида тарқалиб, кўпайиб боринглар».
Яна Худо Ной билан ўғилларига деди: «Мен сизлар билан ва сизлардан кейинги насллар билан аҳд-паймон қиламан. Шунингдек, сизлар билан бўлган парранда, чорва, ҳар бир тирик жон билан, яъни кемадан чиқиб, орангизда яшаётган ернинг ҳамма ҳайвонлари билан аҳд-паймон қиламан.
Сизлар билан қилаётган аҳдим ана шу мазмунда: энди ҳеч қачон тўфон сувлари билан бутун махлуқот қирилмайди, энди ҳеч қачон ерни хароб қилувчи тўфон юз бермайди. Ўзим билан ер орасидаги аҳдимнинг аломати сифатида Мен булутларда ёйимни (камалак) пайдо қиламан». Худо яна бир бор Нойга: «Менинг ердаги ҳар бир махлуқ билан қилган аҳдимнинг аломати ана шу бўлади», — деди.
Ной АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ АВЛОДЛАРИ. Ной алайҳиссалом билан нажот кемасида саксон киши ўз оилалари билан бўлган. Улар кемада бир юз эллик кун бўлганлар. Нойнинг кемадан чиққан ўғиллари — Сима, Хама ва Иафета эдилар. Нойнинг бу учала ўғлидан одамзод тарқаб, бутун ер юзи бўйлаб ўрнашди. Ной тўфондан сўнг яна уч юз эллик йил яшади. Ной жами бўлиб тўққиз юз эллик ёш умр кўриб, ўлди.
Нойнинг ўғиллари — Сима, Хама ва Иафетадан: Сималар авлоди, Ҳамалар авлоди, Иафеталар авлоди вужудга келиб, Нойдан тарқалган дунё халқларини ташкил қилган. Буларнинг ҳаммаси Ной насл-насаби сифатида ўз элати, ўз қабиласини ташкил этган. Тўфондан сўнг булардан бир неча халқлар бўлиниб, бутун ер юзига тарқалиб кетган.
Ной алайҳиссалом тўфондан сўнг яна уч юз эллик йил яшади ва жами бўлиб тўққиз юз эллик ёш умр кўриб, ўлди. Ной алайҳиссалом бу дунёда энг кўп умр кўрган инсон ва пайғамбардирлар.
3. ИБРОҲИМ АЛАЙҲИССАЛОМ
ИБРОҲИМ (АВРААМ) АЛАЙҲИССАЛОМ. Тахминан мил. авв. ХХI — XIX асрларда яшаганлар. Зотан у зот Халилур Роҳман, Анбиёлар отаси, Улул азм пайғамбарларнинг бири, ҳам яҳудийлик, ҳам насронийлик, ҳам Исломда катта мартаба соҳиби бир зотдирлар. Иброҳим алайҳиссалом Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг катта боболаридирлар.
ИБРОҲИМ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ НАСАБЛАРИ. Таврот китобининг Ибтидо қисми 10- бобида Иброҳим алайҳиссаломнинг Нуҳ алайҳиссаломдан бошлаб ўтган аждодлари қуйидаги тартибда келтирилади: Ной, Сим, Арфаксад, Каинан, Сала, Евера, Фалек, Рагава, Серух, Нахор, Фарра, Авраам. Қуръони Каримда Иброҳим алайҳиссаломнинг оталарининг исми Озар, боболарининг исми Ноҳур, катта боболарининг исми Соруғ бўлган ва У зотнинг насаблари Нуҳ алайҳиссаломнинг ўғиллари Сомга етиб боради дейилади.
ИБРОҲИМ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ ТУҒИЛИШЛАРИ ВА УЛҒАЙИШЛАРИ. Иброҳим алайҳиссалом Бобилда, ҳозирги Ироқ ҳудудида таваллуд топганлар. Иброҳим алайҳиссалом таваллуд топганларида оталари етмиш беш ёшда бўлган эканлар. Иброҳим алайҳиссалом бош фарзанд бўлганлар.
Иброҳим алайҳиссалом илоҳий таълимотлардан узоқлашган бузуқ бир жамиятда ўсдилар. Ўша вақтда Бобилга Намруд исмли мустабид, золим подшоҳ ҳукмдорлик қилар эди. У ернинг одамлари молу-дунё ва айшу-ишратга берилган эдилар. Шу билан бирга ширк эътиқодида бўлиб, буту-санамларга сиғинар эдилар. Қавмнинг эътиқоди бузуқлигидан фойдаланган подшоҳ, ўзини Худо деб эълон қилган эди. Иброҳим алайҳиссалом ўсиб улғайган сари бу номаъқулчиликларга қаршиликлари ҳам кучайиб борди.
ИБРОҲИМ АЛАЙҲИССАЛОМНИ ОДАМЛАРГА ИМОМ ҚИЛИНИШЛАРИ. Иброҳим алайҳиссалом ёшликларидан ширк, зулм ва истибдодга қарши бўлиб ўсдилар. Вақти соати келганда Худованди Карим Иброҳим алайҳиссаломни пайғамбарликка танлаб олди: «Иброҳимни Роббиси калималар ила синаб кўрганда, у уларни батамом адо этганини эсла! У зот: «Мен, албатта, сени одамларга имом қилмоқчиман» деди. У: «Зурриётимдан ҳамми?» деди. У зот: «Золимлар аҳдимга ҳеч қачон эриша олмаслар», деди». (Бақара сураси 124 оят). Худованди Карим Иброҳим алайҳиссаломга бир қанча ишларга амрлар қилди ва бир қанчаларидан қайтарди. Иброҳим алайҳиссалом вафодор банда сифатида у калималарни кам-кўстсиз адо этдилар. Мукофот тариқасида Худованди Карим у кишига: «Мен, албатта, сени одамларга имом қилмоқчиман», деди. Худованди Карим Иброҳим алайҳиссаломни одамларга пешво, бошлиқ, раҳнамо қилмоқчи эканини билдирди. Шу пайтда Иброҳим аллайҳиссаломнинг инсонлик табиатлари ўзини кўрсатди: оддий бир инсон сифатида болалари, набиралари, зурриётларини ўйладиларда: «Зурриётимдан ҳамми?» дедилар. Тангри субҳонаҳу ва таоло бу саволга бевосита жавоб бермади, балки умумий қоидани айтди: «Золимлар аҳдимга ҳеч қачон эриша олмайдилар», деди». «Золимлар» кимлар? Зулм, золимлик турлича бўлади. Куфр, ширк ва гуноҳ ишлар қилиш билан, диний кўрсатмалардан чиқиш билан ўзига ўзи зулм қилиш ҳам золимлик, ўзга кишиларга нисбатан адолатсиз муносабатда бўлиб зулм қилиш ҳам золимликдир.
КУРАШГА ШАЙЛАНИШЛАРИ ВА ШИРККА ҚАРШИ КУРАШГАНЛАРИ. Иброҳим алайҳиссалом бу ишлардан кейин ширк ва мушрикларга қарши кураш, тавҳид ақийдасини тарқатиш учун тинимсиз курашга уринишлари керак эди. Бу жиҳодни қилиш учун эса мушрик ва кофирлар билан талашиб-тортишиш, ҳужжат далил суриштириш керак бўлар эди. Шунинг учун ўз тажрибалари асосида ўша замон ва унинг муҳитида ўзлари дуч келиши муқаррар бўлган баъзи саволларга Худованднинг Ўзидан жавоб олиш, баъзи нарсаларни тажрибадан ўтказиб олиш мақсадида Роббил оламинга қуйидаги нидони қилдилар: Иброҳим: «Эй Роббим, менга ўликларни қандай тирилтиришингни кўрсат», деганда» Бу савол мўмин банданинг ўз Роббининг қудратини кўриб қувониши, иймонига иймон қўшилиши учун бўлган саволдир. Ваҳоланки, Иброҳим алайҳиссалом Яратганнинг ўликларни тирилтира олишига ҳеч қандай шубҳа қилмас эдилар. У зотнинг бунга ишончлари комил эди. Шунинг учун ҳам Тангри таоло: «Ишонмадингми?» деб сўраганида: «У: Оре, лекин қалбим хотиржам бўлиши учун», деди». Дилда ишонган нарсани, кўз билан кўриб, Худованди Каримнинг қудратига қоил қолиб, мўмин банда ўз Роббининг мўъжизаларини кўриб маза қилгандек, маза қилиб, кўнгли хотиржам бўлиши учун сўраганлар. Худованд Иброҳим алайҳиссаломнинг қалбларидаги бу шавқни қондириш учун саволга амалий жавоб беришни ирода қилди ва бу тажрибада савол берувчининг ўзини ҳам иштирок этдирди. «Қушдан тўртта олгин-да, ўзингга тортиб, кесиб майдала, сўнгра улардан ҳар бир тоққа бўлакларини қўйгин» (Бақара сураси 260 оят), Тангри таоло Иброҳим алайҳиссаломга тўртта қуш олишни ва уларни майдалаб ташлашни буюрди. Ва яна, у қушларни ўзингга торт, деди. Яъни, уларга яқиндан қараб, яхшилаб кўриб, таниб олишни амр этди. Қайси қуш қанақа, ранги қандай, қаноти, думи ва бошқа аломатлари қандай? Буларни таниб олишдан мақсад шуки, кесиб майдалаб ташланган қушлар қайта тирилтирилганда, аломатлари аввалги ҳолатларига мос келишини кўришдир. Сўнгра кесиб-майдаланган қушларнинг бўлакларини атрофдаги тоғларга сочиб юборишга, аралаштириб, ҳар жойларга тарқатишига амр қилди. «Кейин уларни ҳузурингга чақир», деди. Шундай қилса, қушларнинг майдалаб ташланган бўлаклари қайтадан бирлашиб, асл ҳолига қайтиб, тирилган ҳолида тезлаб келишларини айтди. Шу тариқа Иброҳим алайҳиссалату вассаллом ўз тажрибаларида Худованди Карим ўликларни қандай қилиб тирилтиришини кўрдилар. «Ва билгинки, албатта, Яратган эгам азиз ва ҳаким зотдир». У азизлигидан, хоҳлаган ишини қилади, Унга ҳеч бир зот тўсиқ бўла олмайди. У ҳаким бўлганидан, ҳар бир ишни ҳикмат билан қилади. Унинг беҳикмат иши йўқ.
Барча тайёргарликлар кўриб бўлингандан кейин Иброҳим алайҳиссалом ширкка қарши курашни бошладилар. Бу улкан курашни у зот аввал ўз оилаларидан бошладилар. Иброҳим алайҳиссалом биринчи навбатда ўзларининг мушрик оталарини ширкни тарк қилишга даъват қилдилар. Ота эътироз билдирди. Орада мунозара бўлди. Ана ўша ҳолни «Марям» сурасида қуйидагича васф қилинади: «Китобда Иброҳимни эсла. Албатта, у сиддиқ ва набий бўлган эди». (Марям 41 оят). Иброҳим алайҳиссаломнинг сиддиқлик сифатлари «кўп тасдиқловчи» маъносини ҳам англатади. «Қачонки у отасига: „Эй отажон, нима учун эшитмайдиган, кўрмайдиган ва сенга бирон фойда бермайдиган нарсага ибодат қиласан? Эй отажон, албатта, сенга келмаган илм менга келди. Бас, менга эргаш, сени тўғри йўлга бошлайман. Эй отажон, шайтонга ибодат қилма. Албатта, шайтон Роҳманга осий бўлгандир. Эй отажон, албатта, мен сени Роҳман томонидан азоб тутишидан ва шайтонга дўст бўлиб қолишингдан қўрқаман“, деган эди». (Марям 42—45 оят). Ушбу тўрт ояти Каримада «Пайғамбарлар отаси» лақабини олмиш зот, Яратганнинг улуғ Пайғамбари Иброҳим алайҳиссаломнинг оталарини ширкни тарк этиб, Худованднинг ибодатини қилишга чақиришлари баён қилинмоқда.
Иброҳим алайҳиссаломнинг қавмлари, шу жумладан, оталари ҳам, ўзлари ясаб олган жонсиз бутларга ибодат қилишар эди. Табиийки, бутлар ҳаётсиз бўлганларидан, ҳеч нарсани эшитмайди ва кўрмайди. Шу боисдан ўзига ибодат қилаётган мушрикларни кўрмаслиги, уларнинг дуоларини эшитмаслиги табиий. Жонсиз, ҳиссиз нарса, бировга на фойда, на зиён етказа олади. Иброҳим алайҳиссалом жўяли савол ила ушбу ҳақиқатни оталарига эслатдилар. Аслида, инсоннинг ибодати унинг ўзидан кўра олий, олим ва қудратли зотга таважжуҳ этиш–юз тутиш ила бўлмоғи лозим. Ана шунда инсон ўз мақомидан чандон юқори мақомга юзланади. Инсоннинг ҳайвондан ҳам тубан, жонсиз бир нарсага юзланиши, ёлбориши, розилигини топишга уриниши, унга қурбонликлар келтириши ўз қадрини ерга уриш, ўзини жонсиз нарсалардан ҳам паст деб тан олишидир. Бу иш инсоният учун улуғ исноддир. «Эй отажон, албатта, сенга келмаган илм менга келди». Яъни, менга ваҳий йўли билан Худони таниш, сифатларини англаш, Унга қандай ибодат қилиш илми–сен билмаган илм келди. Бу гапларни ўзимча тўқиб эмас, менга келган илм асосида гапирмоқдаман, демоқдалар. «Бас, менга эргаш, сени тўғри йўлга бошлайман». Чунки мен сен билмаган нарсани биламан. Демак, дин-диёнат ишида ёши катта ёки ота-бола деган мулоҳаза бўлмас экан. Кичик ўзидан каттага, бола ўз отасига залолат йўлини тарк этиб, ҳидоят йўлида юришни англатиши зарур. «Эй отажон, шайтонга ибодат қилма». Яъни, шайтоннинг айтганини қилма, унинг йўлига юрма. Бутга сиғиниш ҳам шайтоннинг иши. Бу ботил амалга шайтон бошлайди. Бинобарин, бутга ибодат қилиш шайтонга ибодат қилишдир. «Албатта, шайтон Роҳманга осий бўлгандир». Роҳманга осий бўлган шайтонга банда қандай ибодат қилиши мумкин? У ҳолда шайтондан ҳам тубан бўлиб қолади-ку?! Ҳа, Яратганнинг ёлғиз Ўзига ибодат қилмаганлар, фақат Унинг кўрсатмалари асосида яшамаганлар шайтондан ҳам баттардирлар. «Эй отажон, албатта, мен сени Роҳман томонидан азоб тутишидан ва шайтонга дўст бўлиб қолишингдан қўрқаман». деган эди. (Марям 45 оят) Иброҳим алайҳиссаломнинг лутф ила қилаётган куюнчакликлари отанинг тош қотган мушрик қалбига таъсир қилмади. Ўғлининг пурҳикмат гапларига қўполлик, дағаллик ва таҳдид ила жавоб берди: «Эй Иброҳим, сен менинг худоларимдан юз ўгирувчимисан?! Қасамки, агар тўхтамасанг, сени, албатта, тошбўрон қиламан! Мендан узоқ кет!» деди». (Марям 46 оят). Бундай қаттиқ таҳдиддан кейин ҳам Иброҳим алайҳиссалом жаҳл қилмадилар. Босиқлик билан гапларида давом этдилар: «Омон бўл. Энди Роббимдан сени мағфират қилишини сўрайман. Албатта, У менга жуда ҳам лутфи марҳаматлидир». (Марям 47 оят) Яъни, нима десанг ҳам майли, омон бўл. Сен билмай жоҳиллик қиляпсан. Энди мен Роббимдан сенинг гуноҳингни кечиришини, гумроҳлигинг жазоси сифатида залолатда бардавом қолдирмасдан, ҳидоят йўлига ўтишинг учун имконият яратишини сўрайман. У зот доимо менга марҳаматли бўлган. Қачон бир нарсани сўраб дуо қилсам, ижобот айлаган. Бу гал ҳам шундай бўлса, ажаб эмас. Агар менинг даъватим сизларга ёқмаётган бўлса, сизларнинг орангизда туришимни хоҳламаётган бўлсангиз: «Сизлардан ҳам, Аллоҳдан ўзга илтижо қилаётган нарсангиздан ҳам четланаман ва Роббимга илтижо қиламан. Шоядки, Роббимга илтижо қилиш ила бадбахт бўлмасам», деди». (Марям 48 оят).
ИБРОҲИМ АЛАЙҲИССАЛОМНИ МУШРИК ҚАВМ БИЛАН МУНОЗАРАЛАРИ. Иброҳим алайҳиссалом оталарига қилган даъватлари фойда бермаганидан сўнг, оталарига қўшиб қавмга ҳам хитоб қилишга ўтдилар. У зотнинг мушрик қавм ила олиб борган мунозараларидан бир кўринишни «Анбиё» сурасида қуйидагича баён қилинади: «Батаҳқиқ, илгари Биз Иброҳимга рушди ҳидоятни берган эдик. Биз унинг (ҳолини) билгувчи эдик». (Анбиё 51 оят). Биз Иброҳимнинг рушди ҳидоятга, Пайғамбар бўлишга лойиқ зотлигини яхши билар эдик. «Ўшанда у отасига ва қавмига: «Манави сиз ибодатига берилаётган ҳайкаллар нима?» деган эди. (Анбиё 52 оят)
Иброҳим алайҳиссалом Тангри таолонинг рушди туфайли отаси ва қавми сиғинаётган ҳайкаллар–ҳеч нарса эмаслигини ва улар ибодатга лойиқ эмаслигини англаганларидан кейин, уларга ушбу инкорий саволни бердилар. «Улар: „Ота-боболаримизни уларга ибодат қилган ҳолларида топганмиз“, дедилар». (Анбиё 53 оят) У кишининг оталари ҳам, қавмлари ҳам юқоридаги саволга тўғри жавоб бера олмасди. Чунки нима учун ҳайкалларга сиғинаётганларини уларнинг ўзлари ҳам тушунмасди. Улар ота-боболаридан кўриб, ҳайкалларга ибодат қилмоқдалар. Аммо ақлларини ишлатиб кўришмаган. Иброҳим алайҳиссалом эса, Тангрининг рушди ҳидояти туфайли бу ишнинг–ҳайкалга топинишнинг очиқ-ойдин залолат эканини яхши билар эдилар. Шунинг учун ҳам мушриклардан ушбу жавобни эшитганларида: «У: „Батаҳқиқ, сиз ҳам, ота-боболарингиз ҳам очиқ-ойдин залолатдасизлар“, деди». (Анбиё 54 оят) Бу дунёдаги ҳақиқат, тўғри йўл ота-боболарнинг қилган иши билан эмас, Худованднинг кўрсатган йўлланмаси билан белгиланади. Иброҳим алайҳиссаломнинг бундай кескин гапига жавобан: «Улар: „Сен бизга ҳақ ила келдингми ёки ўйин қилгувчиларданмисан?“ дедилар». (Анбиё 55 оят). Эътиқодлари пуч бўлганидан, дарҳол шак-шубҳага тушиб, иккиланиб қолдилар. Иброҳим алайҳиссаломнинг эса, иккиланадиган жойлари йўқ эди. Шунинг учун ҳам тўла ишонч билан гапирдилар: «У: „Йўқ! Роббингиз осмонлару ернинг Роббидир. У зот уларни яратгандир. Мен бунга гувоҳлик бергувчиларданман“. (Анбиё 56 оят) Яъни, сизга ўхшаб иккиланиб ўтиришга ўрин йўқ! Сиз Унинг ҳақида иккиланиб турган, „Роббингиз осмонлару ернинг Роббидир“. Ўша зот сизнинг Роббингиз, яратувчингиз, ризқ берувчингиз ва тарбиячингиз бўлгани каби, ҳамма осмонлару ернинг ва улардаги нарсаларнинг ҳам Роббидир. „У зот уларни яратгандир“. Уларнинг ҳаммасини ўша Робб сифатига эга зот–Худованд яратгандир, йўқдан бор қилгандир. „Мен бунга гувоҳлик бергувчиларданман“. Сўнгра Иброҳим алайҳиссалом уларга ва бутларига қарши аёвсиз кураш олиб боришларини очиқ айтдилар: „Яратганга қасамки, сизлар ортга ўгирилиб кетганингиздан кейин санамларингизга бир бало қиламан“, деди». (Анбиё 57 оят).
ЯГОНА АЛЛОҲНИНГ ЎЗИГА ИЙМОНГА ДАЪВАТ. Ўтган умматлар орасида Аллоҳга ширк келтиришда ғоят машҳур бўлган қавмлардан бири Иброҳим алайҳиссаломнинг умматлари эди. Улар нафақат буту-санамларга, балки юлдуз, ой, қуёш каби нарсаларга ҳам сиғинишар эди. Иброҳим алайҳиссалом уларга бу нарсаларга эмас, уларни яратган Холиққа, Аллоҳ таолонинг Ўзига иймон келтириб, ибодат қилишга даъват қилдилар. Бу даъватни таъсирли чиқиши учун ўша қавмга таъсир қиладиган турли услубларни қўлладилар. Ана ўшандоқ тасарруфлардан бирини «Анъом» сурасида ажойиб бир услубда баён қилинади: «Иброҳимнинг отаси Озарга: „Санамларни худолар қилиб оласанми? Мен сени ва сенинг қавмингни, албатта, очиқ-ойдин адашувда кўрмоқдаман“, деганини эсла». (Анъом 74 оят). Маълумки, Иброҳим алайҳиссалом ўз қавмлари–Ироқ халдонийлари орасида ўсиб улғайди. Ақлини танигач, қараса, отаси ҳам, қавмнинг бошқа аҳли ҳам тошдан, ёғочдан ўзлари йўниб-ўйиб ишлаб олган бут ва санамларга сиғинмоқдалар. Иброҳим алайҳиссалом соф қалби ва онги ила бу иш нотўғри эканлигини, жонсиз тош ёки жонсиз ёғоч одамлар томонидан бир оз ишлов берилгани билан худога айланиб қолмаслигини тушуниб етди. Ўзи ақлсиз нарса ўзгаларга ақл бера олмаслигини, ўзидан зарарни қайтара олмайдиган нарса ўзгалардан зарарни қайтара олмаслигини англаган ёш Иброҳим алайҳиссалом отасини ва унинг қавмини очиқ-ойдин адашувда эканини ҳам англаб етди.
Иброҳим алайҳиссалом қиссасининг тафсилоти қуйидагича: «Худди шундай қилиб, Иброҳимга аниқ ишонувчилардан бўлиши учун осмонлару ернинг мулкларини кўрсатурмиз». (Анъом 75 оят) Яъни, Иброҳимга худди отаси ва унинг қавми очиқ-ойдин адашувда эканлигини соф қалби ва онги ила кўрсатганимиздек, унга ушбу соф қалб ва онг ила осмонлару ердаги мулкларни, улардаги сиру асрорларни ҳам кўрсатамиз. Шунда у бут ва санамларга ибодат қилишни инкор этиш даражасидан, Аллоҳга шаксиз ишонувчилик даражасига кўтарилади.
Энди Иброҳим алайҳиссалом ўз қавми худо деб эътиқод қиладиган нарсалардан каттароғларига ҳам бир-бир назар ташлаб, уларга бу нарсалар ҳам худоликка мутлақо ярамаслигини тушинтириб чиқмоқчи бўлди. Маълумки, халдонийлар юлдузни ҳам худо деб эътиқод қилар эдилар. Кишини тун ўраб олганида кўзига яққол кўринадиган порлоқ жисм–юлдуз бўлади. «Уни тун ўраб олганида юлдузни кўриб: «Мана шу Роббимдир», деди». Бепоён осмонда, баланд-баландларда нур сочиб турибди. У ҳаммани кўриб турган бўлиши мумкин. Иброҳим алайҳиссаломнинг қавми ҳам беҳудага юлдузга ибодат қилмаётгандир? Шунинг учун ҳам юлдуз худо бўлиши мумкинлигини жиддий ўйлаб кўриш керак. Эҳтимол, ҳақиқатдан ҳам мана шу юлдуз Роббдир?! Аммо… аммо… ботиб кетди-ку? Худо бўлса, ботармиди? Худо бўлса, маълум вақтда кўриниб, маълум вақтда кўринмай қолармиди? Вақти келганда чиқиб, белгиланган вақти етганда ботиб кетармиди? Ботувчилар худо бўла олмайди. «У ботиб кетганида эса: «Ботувчиларни ёқтирмасман», деди». (Анъом 76 оят) Бут ва санамлар худо бўла олиши мумкин эмаслиги бир боқишдаёқ аён бўлди. Хўш, бу ҳам худо бўла олмаса, худо қани? Бошқа ёқдан излаш керак. Қани, бир қараб кўрсин-чи, эҳтимол, топилиб қолар. Иброҳим атрофга қараб: «Чиқаётган ойни кўрганда: «Мана шу Роббимдир», деди. У ҳам ботганида: «Агар Роббим мени тўғри йўлга бошламаса, албатта, адашувчилардан бўламан», деди. (Анъом 77 оят). «Чиқаётган қуёшни кўрганда: «Мана шу Роббим. Бу каттароқ», деди. Аммо у ҳам ботади. У ҳам маълум қоидага бўйинсунади. У ҳам худо бўла олмайди. «У ҳам ботиб кетганида: «Эй қавмим, мен сиз ширк келтираётган нарсадан воз кечдим», деди. (Анъом 78 оят). Демак, қавмнинг худо деб эътиқод қилаётган нарсаларининг ҳаммасидан воз кечиш лозим. «Эй қавмим, мен сиз ширк келтираётган нарсадан воз кечдим». Менинг улар билан ҳеч қандай алоқам йўқ. Мен улардан покман. Менинг юзланадиган Роббим бор: «Албатта, мен юзимни осмонлару ерни яратган Зотга, тўғри йўлга мойил бўлган ҳолимда юзлантирдим ва мен мушриклардан эмасман. (Анъом 79 оят) Бу иқрор Иброҳим алайҳиссаломнинг мушрик қавмдан ажралиб, ёлғиз Аллоҳ таолога, осмонлару ерни яратган Зотга, мушриклар Унга ширк келтираётган бут ва санамлар, ой-у юлдузлар ва қуёшни яратган Зотнинг Ўзигагина юзланганини эълон қилишларидир. У кишининг бу юзланишлари, — ушбу йўллари миллатлари ҳанифлик деб номланади. Бу дегани — фақат тўғриликка мойил бўлиш, юзланиш, йўл тутиш деганидир.
Албатта, мушрик қавм Иброҳимдан буни эшитиб индамай кетавермади. Одатдагидек, ботил фикрларини ҳимоя қилиб, у киши билан баҳслашишни бошладилар. «Ва қавми у ила тортишди. У: «Мен билан Аллоҳ ҳақида тортишасизларми, ҳолбуки, У мени ҳидоят этди. Мен Унга ширк келтираётган нарсангиздан қўрқмасман. Магар Роббим бирор нарсани ирода этса, бўлиши мумкин. Роббим барча нарсани Ўз илми ила қамраб олган. Эсласангиз бўлмасми?» деди». (Анъом 80 оят) «Мен билан Аллоҳ ҳақида тортишасизларми?» деди. Мени ҳидоятга солган Зот ҳақида мен билан тортишасизларми? Менга У Ўзини танитди. Мен ақлим, виждоним ва бутун вужудим ила Уни танидим. Энди эса, сизлар Уни борми-йўқми деб мен билан гап талашасизларми? «Мен Унга ширк келтираётган нарсангиздан қўрқмасман». Ўзингиз ёғоч ёки тошдан ясаб олган бутлардан, юлдуз, ой ва қуёшдан ва шунга ўхшаш сиз худо деб Аллоҳга шерик қилаётган нарсадан қўрқмайман. Уларнинг ҳаммасини менинг Роббим яратган, улар бировга фойда ҳам, зарар ҳам келтира олмайдиган нарсалардир. «Магар Роббим бирор нарсани ирода этса, бўлиши мумкин». Яъни, ҳамма нарса Аллоҳнинг иродаси билан бўлади. Шунинг учун Аллоҳдан ўзгадан қўрқишнинг ҳеч ҳожати йўқ. «Роббим барча нарсани ўз илми ила қамраб олган». Аллоҳнинг илмидан ташқари ҳеч қандай илм йўқ. «Эсласангиз бўлмасми?» Ана ўшанда ширк эмас, якка ва ягона Аллоҳга ибодат келтирган бўлар эдингиз. «Қандай қилиб мен сиз ширк келтирган нарсадан қўрқай. Ҳолбуки, сиз ўзингизга ҳеч ҳужжат туширмаган нарсани Аллоҳга ширк келтириб туриб қўрқмайсиз-у? Агар билсангиз, айтинг-чи, қайси гуруҳ хотиржам бўлишга ҳақлироқ?! (Анъом 81 оят) Оддий мантиқ айтиб турибди. Сизлар худодан қўрқмай, ҳеч қандай ҳужжат далилсиз, ўзингиздан-ўзингиз баъзи нарсаларни Унга шерик қилиб олдингиз ва яна қўрқмай юрибсиз. Сиз шундай қилганингиздан кейин, ҳақиқий Аллоҳга иймон келтириб туриб, нима учун мен сизларнинг сохта худоларингиздан қўрқай?! «Агар билсангиз, айтинг-чи, қайси гуруҳ хотиржам бўлишга ҳақлироқ?!» Ким ўзини эмин санашга ҳақлироқ? Айтинг! Агар сиз айтмасангиз, мен айтай: «Иймон келтирганлар ва иймонларига зулмни аралаштирмаганлар. Ана ўшаларга хотиржамлик, омонлик бор. Улар ҳидоят топганлардир. (Анъом 82 оят) Демак, хотиржам бўлиш, турли азоб-уқубатлардан омонда бўлиш учун иймон лозим ва бу иймонга зулм аралаштирмаслик керак. Ушбу ояти каримадаги зулмдан мурод–ширкдир.
Албатта, Аллоҳга иймон келтирган, ихлос қилган ҳамда эътиқодда, ибодатда ва амалда Унга ҳеч нарсани шерик қилмайдиганлар ҳар бир нарсага қодир Аллоҳнинг ҳимоясида бўладилар. Ундай Зотнинг ҳимоясидаги одам эса, доим хотиржам ва омонликдадир. Ана ўшалар ҳидоят топганлар бўлади. «Ана ўшалар, Иброҳимга қавмига қарши (тортишувда) берган ҳужжатларимиздир. Кимни хоҳласак, даражасини кўтарамиз. Албатта, Роббинг ҳикматли ва яхши билувчи зотдир». (Анъом 83 оят) Мушрик қавм билан тортишган Иброҳим алайҳиссаломга Аллоҳнинг Ўзи «Айт» деган хитоблар билан қавмга қарши қандай ҳужжат-далиллар келтиришини ўргатиб турди. Аллоҳ таолодан келган ҳужжатларни қўллаган Иброҳим алайҳиссалом тортишувда мушриклардан устун келдилар. Ғолиб бўлдилар. Бу билан Аллоҳ таоло у кишининг даражаларини улуғ қилди. «Албатта, Роббинг ҳикматли ва яхши билувчи зотдир». Шунинг учун У кимга ҳужжат беришни, кимни ғолиб қилишни яхши билади ва ҳикмати ила йўлга солади.
АЛЛОҲ ТАОЛОНИНГ БАРКАМОЛ СИФАТЛАРИ БАЁНИ. Иброҳим алайҳиссалом ўз қавмларига фақат Аллоҳ таолонинг борлигини айтиб кифояланмадилар. Балки уларга Аллоҳ таолонинг баркамол сифатларини ҳам батафсил баён қилиб бердилар. Мушрикларни санамларга ибодатлари сабабини пардали қилиб баён этдилар: «Улар: «Йўқ, биз ота-боболаримизни шундай қилаётганларини кўрдик», дедилар». (Шуаро 74 оят) Яъни, йўқ, санамлар бизнинг илтижоларимизни эшитмайдилар, бизга фойда ҳам, зарар ҳам етказмайдилар. Аммо ота-боболаримизнинг санамларга шундай ибодат қилаётганларини кўрдик ва биз ҳам уларга ўхшатиб ибодат этмоқдамиз, дедилар. Бунинг отини кўр-кўрона тақлид дейилади. Ўз ақлини ишлатмай, бировга тақлид қилавериш оқилона тасарруфли одамнинг иши эмас. Иброҳим алайҳиссалом мушриклардан бу жавобни эшитгач, уларга ўйиб-ўйиб оладиган гапларни айтдилар. «У: «Нимага ибодат қилаётганингизни билдингизми?! Сиз ва қадимги оталарингиз?! (Шуаро 75—76 оятлар) Яъни, нимага ибодат қилаётганингизни ҳеч ўйлаб кўрдингизми ўзи? «Албатта, оламлар Роббидан бошқа уларнинг барчаси менга душмандир», деди». (Шуаро 77 оят) Иброҳим алайҳиссалом санамлар ҳеч бир ишга қодир эмаслигини мушрикларга билдириб қўйиш учун улар ўзларига душман эканлигини кўпчилик олдида ошкора эълон этдилар.
Сўнгра уларга Роббул Оламийн бўлган Аллоҳ таолони васф қилишга ўтдилар: «У мени яратган зотдир. Бас, мени ҳидоят қиладиган ҳам, Унинг Ўзи». (Шуаро 78 оят) Мени йўқдан бор қилган зот ўша Роббул Оламийндир. Энди мени тўғри йўлга ҳам Ўша зотнинг Ўзи бошлайди. «Ва мени таомлантирадиган ва суғорадиган ҳам, Унинг Ўзи». (Шуаро 79 оят) Менинг ризқимни Унинг Ўзи беради. Ўша Роббул Оламийннинг Ўзи мени едириб, ичиради. «Бемор бўлганимда менга шифо берадиган ҳам, Унинг Ўзи». (Шуаро 80 оят). «Мени ўлдирадиган, сўнгра тирилтирадиган ҳам, Унинг Ўзи». (Шуаро 81 оят) Бу дунёда жонимни олиб ўлдирадиган ҳам, у дунёда қайта тирилтирадиган ҳам Унинг Ўзидир. «Ва менинг хатоимни қиёмат куни мағфират қилишидан умидвор бўлганим ҳам, Унинг Ўзи». (Шуаро 82 оят) Чунки у кунда Роббул Оламийндан ўзга ҳукмдор бўлмайди. Фақат Унинг Ўзигина ҳукм чиқаради. Бандаларни мағфират қилиш ҳам фақат унинг ихтиёрида бўлади. Демак, мушрикларнинг илтижони эшита олмайдиган, фойда ёки зарар келтира олмайдиган санамларидан фарқли ўлароқ Роббул Оламийн ҳамма нарсага қодирдир. У одамларни ва бошқа нарсаларни йўқдан бор қилиб яратади, ҳидоятга солади, таомлантиради, сув беради, даволайди, ўлдиради, қайта тирилтиради, қиёмат куни мағфират қилади. Шунинг учун санамлардан воз кечиб, Роббул Оламийнга ибодат қилиш керак. Фақат Унинг Ўзига илтижо этиш лозим.
МУШРИК ПОДШОҲ ИБРОҲИМНИ МУНОЗАРАГА ЧОРЛАШИ. Албатта, бўлиб ўтаётган бу гап-сўзлар ўша вақтдаги худолик даъвосини қилган подшоҳига етиб борган бўлиши керак. Шунинг учун у Иброҳим алайҳиссаломни мунозарага чорлади. Ана шу машҳур мунозара «Бақара» сурасида қуйидагича васф қилинади: «Аллоҳ подшоҳлик бериб қўйгани сабабидан Иброҳим билан Роббиси ҳақида ҳужжат талашганни билмадингми? Иброҳим: „Менинг Роббим тирилтиради ва ўлдиради“, деганда, у: „Мен тирилтираман ва ўлдираман“, деди. Иброҳим: „Албатта, Аллоҳ қуёшни Машриқдан чиқарур, бас, сен уни Мағрибдан чиқаргинчи“, деди. Бас, куфр келтирган лол қолди. Ва Аллоҳ золим қавмларни ҳидоятга солмас». (Бақара 258 оят) Ушбу ояти карима Иброҳим алайҳиссалом билан у кишининг даврларида ўтган бир ҳукмдор подшоҳнинг тортишувини ҳикоя қилади.
Тортишув Парвардигори олам ҳақида бўлган. У кофир подшоҳ, гапига қараганда, Аллоҳнинг борлигига шубҳа қилмайди, балки Унинг сифатларига шубҳа қилади. Аммо уни бундай тасарруфга олиб келган нарса нима? Нима сабабдан шунчалик даражада ноқобул бўлиб, Аллоҳнинг улул азим Пайғамбарларидан бўлган Иброҳим алайҳиссалом билан Парвардигори олам ҳақида тортишди экан? «Аллоҳ подшоҳлик бериб қўйгани сабабидан…» Аслини олганда, Аллоҳ унга подшоҳлик, мулк берганига шукр қилиши керак эди. Лекин кофирлик ёмон нарса, шунинг учун кофирга султон, ҳукм, подшоҳлик берилса, ҳаддидан ошади, туғёнга кетади. Ҳатто худолик даъвосини қилади. Ўзининг ожиз банда эканини унутади. Унга неъматни ким берганини билмайди. Шукр қилиш ўрнига, ношукрлик қилади. Аллоҳ берган катта неъмат сабабидан Аллоҳнинг сифатларини инкор қилиб, Унга қарши чиқиш қандай ҳам ёмон иш! Тирилтириш ва ўлдириш фақат Аллоҳ таолога боғлиқ сифат. Бу сифатига ҳеч ким, ҳеч қандай даражада яқин ҳам кела олмайди. Шунинг учун ҳам Иброҳим алайҳиссалом ушбу сифатларни айнан кофир подшоҳ билан бўлган тортишувда зикр қилдилар. Бу гапни эшитган кофир подшоҳ: «…мен тирилтираман ва ўлдираман», деди». Подшоҳлик қилиб, ўз халқи устидан ҳоким бўлиб турган одам иймонли, тақводор бўлмаса, туғёнга кетади. Ўзининг айтгани бўлиб турганини кўргандан кейин, ҳаддидан ошади. Фуқароларга маош беришга амр қилиб, мен ризқ беряпман, деб ўйлайди. Бировга мусибатида кўмак берса, уни мен балодан сақлаб қолдим, дейди. Унинг кофирлиги борган сари туғёнга олиб бораверади. Охири, ҳамма иш менинг ихтиёрим билан бўлади, демак, тирилтириш ва ўлдириш ҳам менинг ихтиёримда, дейишгача етиб боради. Худонинг сифатларини ўзига нисбат беради. Одатда бундай кишилар туғёнга кетганлари сабабидан оқилона гапларга ҳам эътибор бермай, ўзларини оқилликда тенги йўқ ҳисоблаб қоладилар. Улар фақат пешоналари тўқиллаб қаттиқроқ нарсага урилгандагина бир оз ўзларига келадилар. Шунинг учун Иброҳим алайҳиссалом кофир подшоҳга тириклик нимаю ўлим нима эканини майдалаб тушунтириб ўтирмасдан, тўғридан-тўғри пешонасига тўқиллатиб: «…албатта, Аллоҳ қуёшни машриқдан чиқаради, сен уни мағрибдан чиқаргинчи?» деди». Қуёшнинг машриқдан чиқиб мағрибга ботиши доимо такрорланиб турадиган жараёндир. Даврий муддати йигирма тўрт соатдир. Эътибор берилса, бу ҳол улкан мўъжизадир, Аллоҳнинг чексиз қудратига далилдир. Аллоҳ томонидан жорий этилган бу интизомни ким ўзгартира олади? Аллоҳнинг сифатларига шерикликни даъво қилиб, «Мен тирилтираман ва ўлдираман», деб айтиб, ҳаддидан ошаётган кофир подшоҳми? Агар қўлидан келса, даъвоси тўғри бўлса, мана, таклиф бўлди: Аллоҳнинг низомини бузсин-чи. Қуёшни мағрибдан чиқарсин-чи. Ҳолбуки: «Бас, куфр келтирган лол қолди». Чунки, таклиф қилинган нарсани амалга ошириш қўлидан келмайди. Жим қолишдан бошқа иложи йўқ. У набокор очиқ-ойдин ишни тушуниб етмади. Таслим бўлиб, иймон келтириш ўрнига, куфр келтириб, талашиб-тортишишди.
ИБРОҲИМ АЛАЙҲИССАЛОМНИ БУТЛАРНИ ПАРЧАЛАШЛАРИ. Иброҳим алайҳиссаломнинг қавми байрамларида боғларга, сайлгоҳларга, ўйин-кулги ва кайфу сафога чиқишар эди. Чиқишдан олдин эса, сохта худолари ҳузурига турли мева-чевалар қолдириб кетишар эди. Ўйин-кулги ва кайфу сафодан кейин келиб, ўша таомларни муборак таом сифатида қайтариб олишар эди. Нобакор қавмнинг тўғри йўлга юришидан умиди узилганидан кейин Иброҳим алайҳиссалом ўзларича бир режа тузиб, мазкур байрам кунини кутди. Байрамга отланиб чиққан қавм аъзолари Иброҳим алайҳиссалом ҳузурларига келиб, у кишини ўзлари билан байрамга чиқишларини сўрашди. Шунда У: «Албатта, мен беморман», деди». (Соффаат 89) Юраги сиқилавериб, ноқулай ҳолатга тушиб қолганини айтди. Қавмига куявериб, қалби дардга тўлганини билдирди. Шошилиб турган одамлар бу гапдан кейин дарҳол Иброҳим алайҳиссаломни қолдириб, йўлларида давом этишди. «Дарҳол, ундан юз ўгириб юриб кетдилар». (Соффаат 90 оят) Улар кетишганидан сўнг Иброҳим алайҳиссалом дарҳол мушрикларнинг ибодатхонасидаги бут ва санамларига қараб, уларнинг олдидаги, одамлар қўйган таомларни кўрсатиб: «Қани, емайсизларми?! Сизга нима бўлди?! Гапирмайсизлар?!» деди. (Соффаат 91—92 оятлар). “ Эй худолар! Сизга нима бўлди ўзи?! Жим турибсиз?! Савол берса ҳам жавоб бермайсизлар?» Сўнг уларга яқинлашиб, ўнг қўл билан ура бошлади. (Соффаат 93 оят) Яъни, Иброҳим алайҳиссалом бут ва санамларга яқинлашиб, уларни ўнг қўлидаги болта билан уриб синдира бошлади. «Бас, уларни парча-парча қилиб ташлади. Магар энг каттасини, шоядки унга қайтсалар, деб қолдирди. (Анбиё сураси 58 оят) Иброҳим алайҳиссалом ҳамма бутларни парча-парча қилиб ташладилар ва энг катта бутга тегмасдан қолдириб қўйдилар. Қавм байрамдан қайтиб келиб, бутларини парчаланган ҳолда кўриб, даҳшатга тушди ва: Улар: «Бизнинг худоларимизга ким бундай қилди?! Албатта, у золимлардандир!» дедилар. (Анбиё сураси 59 оят) Ва бу саволга жавоб излай бошладилар. Худоларимизни ёмонлик ила эслаб юрган бир йигит ҳақида эшитган эдик. Унинг исми Иброҳим эди. Эҳтимол, бу ишни ўша Иброҳим қилгандир, дейишди. «Улар: «Уни одамлар кўзи олдига олиб келинглар. Шоядки гувоҳ бўлсинлар», дедилар. (Анбиё 60—61 оят) Мушриклар худоларини синдирган шахснинг адабини бериб қўйишга қарор қилдилар. Улар бу жазо чорасининг бошқа одамлар кўзи олдида бўлишини афзал кўрдилар. Шоядки бошқалар кўриб, ибрат олиб, бундан кейин ҳеч ким худоларимизга қўл текизмаса, деб ўйладилар. Ва ниҳоят Иброҳим алайҳиссаломни одамлар қошига келтириб, сўроқ қила бошладилар. «Улар: «Худоларимизга буни сен қилдингми, эй Иброҳим?!» дедилар. (Анбиё 62) Уларнинг бу саволига жавобан: У: «Йўқ, буни манави, уларнинг каттаси қилди. Агар гапирадиган бўлсалар, улардан сўраб кўринглар», деди. (Анбиё 63). Иброҳим алайҳиссаломнинг бу гапларида ҳар қандай жоҳилнинг ҳам ҳушини жойига келтирадиган ҳақиқат бор эди. Ақли кирганда ҳеч нарса қўлидан келмайдиган бутларни «худо» деб юрганлари нотўғри эканлигини тан олсалар-да, ақли кетиб, яна эски ҳолларига қайтдилар ва Иброҳим алайҳиссаломга ҳужумни давом эттирдилар: «Сен худоларимизнинг гапирмаслигини олдиндан билар эдинг. Яна нимага бизларга, агар улар гапирадиган бўлсалар, ўзларидан сўранглар, деяпсан», деб дўқ уришди. Шунда, Иброҳим алайҳиссалом ҳам очиқчасига ўтдилар: «У: «Сиз, Аллоҳни қўйиб, ҳеч манфаат ҳам, зарар ҳам бермайдиган нарсага ибодат қиласизми?! Сизга ҳам, Аллоҳни қўйиб, ибодат қилаётган нарсаларингизга ҳам суф-э! Ахир, ақл юритиб кўрмайсизларми?!» деди. (Анбиё 66—67) Яъни, ўйлаб кўрмайсизларми? Буларнинг нимасига сиғиняпсиз ўзи?! Булар сизга фойда ҳам бермаса, зиён ҳам етказа олмаса, нима учун фойда берадиган, зиён етказа оладиган Аллоҳни қўйиб, буларга топинмоқдасизлар?! Сизга ҳам суф! Аллоҳни қўйиб ибодатини қилаётган «худо»ларингизга ҳам суф! Ақл юритиб кўрмайсизларми?! Ақл ва мантиқ бобида мағлубиятга учраган мушрик қавм, одатдагидек, ўз рақибини жисмоний йўқ қилиш йўлига ўтдилар. «Улар: «Уни куйдиринглар! Агар (бир иш) қиладиган бўлсангиз, худоларингизга ёрдам беринг!» дедилар». (Анбиё 68) Яъни, мушриклар бир-бирларига, Иброҳимни куйдириб, худоларингизга ёрдам беринглар, Иброҳимни куйдириб юборишингиз худоларингизга ҳақиқий ёрдам бўлади, дедилар. Лекин улар гапларида катта нуқсон борлигини, бу талаблари худоларининг сохта эканини исбот этишини ўйлаб кўришмас эди. Бандасининг ёрдамига муҳтож худо қандай қилиб худо бўлиши мумкинлиги устида фикр юритишмас эди.
ОЛОВНИ ИБРОҲИМГА САЛҚИН ВА САЛОМАТЛИК БЎЛИШИ. Нобакор қавм Иброҳим алайҳиссаломнинг юқоридаги гапларидан тўғри хулоса чиқариб олмади. Кофирларнинг доимий одатлари бўйича, ақлий ва мантиқий баҳсда енгилганларидан кейин куч ишлатишга ўтишди. «Улар: „Унинг учун (ўчоқ) бино қилинглар, бас, уни гулханга отинглар!“ дедилар». (Соффаат 97 оят) Жиноятчи мушрик қавм бир-бирларига, Иброҳимни жазолаш учун катта гулхан ёқадиган жой қуринглар, унга олов ёқиб, Иброҳимни гулханга отинглар, дейишди. Хуллас, мушриклар катта гулхан ёқиб, Иброҳим алайҳиссаломни ўша гулханга отдилар. «Биз: „Эй олов, сен Иброҳимга салқин ва саломатлик бўл!“ дедик». (Анбиё 69) Олов Иброҳим алайҳиссаломга салқин бўлди, саломатлик бўлди ва унга ҳеч қандай озор ёки зарар етмади.
Лекин оловга ёндириш хусусиятини берган зот унга: «Эй олов, сен Иброҳимга салқин ва саломатлик бўл!» деб амр этди. Шунда оловнинг куйдириш хусусияти йўқолиб, ўрнига салқинлик хусусияти келди. Олов Иброҳим алайҳиссалом учун нафақат салқинлик, балки саломатлик ҳам бўлди.
Мушрикларни эса, зиёнга учратдик. Уларни мислсиз азобга дучор қилдик.
ИБРОҲИМНИ ҲИЖРАТГА КЕТИШИ. Аллоҳнинг йўлида юриш ҳақидаги даъватлар, тушунтиришлар ва баҳслар отага ҳам, қавимга ҳам таъсир қилмади. Улар бу ваъз-насиҳат ва даъватлардан фойда олиш ўрнига зулмни кучайтирдилар. Даъватчига турли ёмонликлар қилдилар. Уни ҳам ўзларининг ботил йўлларига юргизмоқчи бўлдилар. Охир-оқибат бориб уни жисмонан йўқ қилишга уриндилар. Чунки унинг тирик юриши ўша нобакор қавм учун катта таҳлика эди. Оддий халқ унинг орқасидан кетиб қолишидан қўрқардилар. Ана шунда Иброҳим алайҳиссалом: «Албатта, мен Роббимга боргувчиман», (Соффаат 99) деб дину диёнат учун ҳижратга кетишни афзал кўрди. Соф ниятини тушунмаган нобакор қавмдан, эски, ўзлари ўрганиб қолган одатларни Аллоҳ учун ватанини, аҳлини, яқинларини, манфаатларини бутунлай ташлаб кетишга қарор қилди. тарк этишни хоҳламаётган золим шахслардан воз кечишни хоҳлади. Фақат Аллоҳ билан қолиш, фақат Аллоҳдангина ёрдам сўраш ва фақат Аллоҳ айтганидек яшашни ихтиёр қилди. Шунинг учун ҳам ишонч билан: «У мени ҳидоят қилур». Аллоҳ Ўзи мени тўғри йўлга ҳидоят қилади. Икки дунё саодатига элтувчи йўлга бошлайди, деди. Қатода розияллоҳу анҳунинг айтишларича, Иброҳим алайҳиссалом халойиқлардан биринчи бўлиб Биби Сора билан Шом ерларига ҳижрат қилган зотдирлар. Шундай қилиб ҳижрат юзага келди. Бир ҳолатдан иккинчи бошқа бир ҳолатга ажраб чиқилди. Турли-туман алоқалар ва боғланишлар бутунлай тарк этилиб, улардан ажраб, фақат битта алоқа, битта боғланиш, яъни, Аллоҳ таоло билан алоқа ва боғланиш қолди.
ИБРОҲИМ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ УЧТА «ЁЛҒОНИ». Иброҳим алайҳиссалом Биби Сора билан Мисрга ҳижрат қилган вақтларида у ерга золим бир шахс подшоҳлик қилар эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Фақат учта ёлғони бўлган. Иккитаси Аллоҳнинг зотида; «Мен беморман», деган гапи ва «Йўқ, буни манави, уларнинг каттаси қилди», деган гапи. Биттаси Сора ҳақида», деган гапларидан зинҳор ва зинҳор Иброҳим алайҳиссалом умрларида уч марта ёлғон гапирган эканлар деган фикр келиб чиқмаслиги керак. Бу ердаги «ёлғон»да сиртидан ёлғон бўлиб кўринган, аслида бошқа тарафга буриб юборса бўладиган гаплар кўзда тутилган.
Эсимизда бўлса, Иброҳим алайҳиссалом «Мен беморман», деган гапни мушриклар у кишини байрамга бирга боришга таклиф қилганларида айтган ва сиртда жисмоний беморлик тушинилса ҳам аслида руҳий қийин ҳолатни кўзда тутилган эди. «Йўқ, буни манави, уларнинг каттаси қилди» деган гапни эса, парчаланиб ётган бутларни кўрган бутпараст қавм, бизнинг олиҳаларимизни ким бундоқ қилди, деганларида айтган эдилар. Унда агар буларни худо деган гапингиз тўғри бўлса, «буни манави, уларнинг каттаси қилди», деган маъно бор эди. Албатта, бу ёмон, гуноҳ маънодаги ёлғон доирасига кирмаслиги ҳаммага маълум. Сора ҳақидаги «ёлғон»нинг нима эканлиги ушбу ривоятнинг ўзида баён қилиб берилмоқда. «Бас, у киши бир жабборнинг ерига борди. У зот билан Сора ҳам бор эди. У (Сора) одамларнинг гўзали эди. У зот унга: «Албатта, манабу жаббор сени менинг хотиним эканингни билса сен учун мендан устун бўлади. Шунинг учун агар сендан сўраб қолса менинг синглим эканингни айтган. Албатта, сен менинг Исломдаги синглимсан. Албатта, мен ер юзида мен ва сендан бошқа мусулмон борлигини билмайман», деди». Демак, бу ерда сиртдан насаб бўйича сингиллик бўлиб кўринса ҳам аслда дин қордошлиги кўзда тутилган. Бу ҳам, албатта, ёлғонга кирмайди.
ИБРОҲИМ АЛАЙҲИССАЛОМНИ ХУДОДАН ФАРЗАНД СЎРАШЛАРИ.
Биби Сора золим подшоҳ ўзларига совға қилган чўри Ҳожарни эрлари Иброҳим алайҳиссаломга совға қилдилар. У киши ўзларининг туғмасликларини бир оз бўлса ҳам эсдан чиқариш учун эрлари бошқа аёл билан ҳам турмуш қилиб кўришини ўйлаган бўлсалар ажаб эрмас.
Шу пайтгача Иброҳим алайҳиссалом фарзанд кўрмаган эди. Ҳижрат ёлғизлигида Аллоҳдан фарзанд сўради. «Роббим, менга солиҳлардан ато эт» деди. Бас, Биз унга бир ҳалим ўғилнинг хушхабарини бердик». (Саффот 100—101). Ёши бир жойга бориб қолган, бегона юртларда муҳожир бўлиб юрган бефарзанд одам учун жуда буюк бир хушхабар эди бу. Биби Ҳожар ҳомиладор бўлиб ўғил туғдилар. Ўша вақтда Иброҳим алайҳиссалом 86 ёшда эканлар.
Узоқ давом этган фарзандсизликдан кейин фарзандли бўлиш, айниқса, ўғиллик бўлиш қанчалик бахт! Бу фарзанд Исмоил эди! Аллоҳ таоло ирода қилган ҳикматга биноан Биби Соранинг рашклари қўзиди. Иш охири бориб Биби Ҳожарни гўдаги билан бошқа томонга олиб бориб қўйишга келишилди.
БАЙТУЛ ҲАРОМНИНГ ЁНИГА ЗУРРИЁТНИ ЖОЙЛАШТИРИШ. Иброҳим алайҳиссалом йўл юриб, йўл юрсалар ҳам мўл юриб ҳозирги Каъбаи Муаззаманинг ўрнига Биби Ҳожар билан гўдак Исмоилни қолдириб ортларига қайтдилар. Маълум бир жойга етиб, У киши она болани кўрадиган улар эса у зотни кўрмайдиган жойда туриб, Аллоҳ таолога илтижо ила қуйидаги дуони қилдилар: «Эй Роббимиз, ҳақиқатда, мен ўз зурриётимдан, Сенинг Байтул Ҳароминг ёнига, гиёҳсиз водийга жойлаштирдим. Эй Роббимиз, намозни тўкис адо этишлари учун. Бас, Ўзинг одамлардан баъзиларининг қалбларини уларга талпинадиган қилгин ва уларни мевалардан ризқлантиргин. Шояд шукр қилсалар». (Иброҳим 37 оят)
Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломнинг бу дуоларини қабул этди. Мазкур юртни, Ҳарами Шарифни омонлик юрти қилиб қўйди. Унинг омонлигига таҳдид соладиганларни ҳалок қилди. У ердагилар Аллоҳга ибодатни тўғри қилиб, намозни тўкис адо этганларида, омонликка қўшиб тўқчиликни ҳам берди. Мусулмон бўлган одамлар қалбини ўша томонга талпиниб турадиган этиб қўйди. У жойнию аҳолисини, ерларида ҳеч нарса ўсмаслигига қарамасдан, турли мевалар билан ризқлантириб қўйди. Иброҳим алайҳиссалом ҳар замонда келиб оилаларидан хабар олиб турдилар. Исмоил ҳам ўсиб, улғайиб борди.
АЛЛОҲНИНГ СИНОВИ ВА МУКОФОТИ. «Бас, қачонки (бола) унинг ўзи билан бирга юрадиган бўлганида: „Эй ўғилчам, мен тушимда сени сўяётганимни кўрмоқдаман, боқиб кўр, нима дерсан?“ деди. У: „Эй отажон, сенга амр этилганни бажар, инша Аллоҳ, мени сабр қилгувчилардан топурсан“, деди». (Соффаат 102 оят).
Кексайиб қолганда кўрган жигарбандини отанинг ўзи сўймоқчи! Аллоҳнинг йўлида сўймоқчи! Тушида шуни кўрибди. Ота тушини Аллоҳнинг амри деб қабул қилди. Чунки Пайғамбарларнинг туши ваҳийдир. Бир марта эмас, бир неча бор кўрибди. Бу иш Аллоҳ учун ҳижрат қилган одамга катта синов эди. Умр бўйи дину диёнат йўлида турли синовлардан ўтиб келган шахсга яна бир бор улкан синов рўбарў бўлди. Мўмин, мухлис банда Иброҳим алайҳиссалом бу ишни ўзига хос босиқлик, хотиржамлик ва ишонч билан қабул қилиб олди. Иккиланмади, қандай бўлар экан, деб ўйлаб ўтирмади, қутулиш учун бошқа чора изламади. Лекин масаланинг иккинчи томони бор эди. Сўйилиши лозим бўлган қурбонлик ҳам одам эди. Жони бор, қони бор, эси-ҳуши, ақли бор эди.
Ҳа, бу нафақат отанинг ўзига, балки боласига ҳам синов эди. Ота узоқ умри давомида кўпгина синовлардан ўтган. Ўғил эса, энди биринчи бор жиддий синовга рўбарў бўлаётган эди. Шу билан бирга, ўғил Аллоҳ таоло у туғилишидан олдин хабар бериб қўйганидек ҳалим ўғил эди. Ҳар қандай оғирликни ҳам чидам билан қарши олишга тайёр фарзанд эди. Шундай бўлди ҳам, Исмоил отасига: «Эй отажон! Сенга мени сўйиш амр қилинган бўлса, мени сўй; болажонимни сўйсам, у нима қилар экан, деб ўйлаб ўтирма; мен Аллоҳ хоҳласа, сабр этаман, сабр қилувчи бандалардан бўлишга ҳаракат қиламан», деди. Нақадар буюк жасорат! Нақадар улкан одоб! Нақадар Аллоҳнинг амрига ажойиб итоат! «Икковлари таслим бўлиб, уни пешонасича ётқизганида. Биз унга нидо қилдик: «Эй Иброҳим! Батаҳқиқ, сен тушни тасдиқ қилдинг! Албатта, Биз гўзал иш қилгувчиларни мана шундай мукофотлаймиз». (Соффаат 103—105 оятлар).
Ота-бола қуруқ гап билангина кифояланмадилар фидокорликларини оғзидагина бажармадилар. Амалга ўтдилар. Ота-бола: «Икковлари таслим бўлиб…» Аллоҳнинг амрига бўйсиниб, итоат қилиб, амрни адо этишга тайёр эканликларини тилда айтганларидан сўнг, уни амалга оширишга ўтдилар ва ота: «уни пешонасича ётқизганида…» Сўйиш вақтида кўз кўзга тушмасин деб болажонини ерга қаратиб ётқизиб, уни сўйишга шайланиб, бўйнига пичоқ тортаётган бир пайтда: «Биз унга нидо қилдик: Эй Иброҳим! Батаҳқиқ, сен тушни тасдиқ қилдинг!» Сен тушингда кўрган амрни тасдиқлаб амалга оширдинг. Аллоҳнинг амрига таслим бўлиб, болангни сўйишга жазм қилдинг. Амрдан кўзланган мақсад ҳосил бўлди. У ҳам бўлса, бандаларнинг тамомила Аллоҳга таслим бўлишлари эди.
Ҳар бир ишда Аллоҳнинг амрига итоат этишлари, фақат Унинг розилигини кўзлаб иш қилишлари эди. Ана ўша мақсад амалга ошди. Аллоҳга бандаларнинг жони керак эмас. Аллоҳга бандаларнинг қони ҳам керак эмас. «Албатта, биз гўзал иш қилгувчиларни мана шундай мукофотлаймиз», деб унга нидосини давом этдирди Аллоҳ. Ҳа, Аллоҳ таоло Пайғамбари Иброҳим алайҳиссаломга нидо қилиб, дедики: Эй Иброҳим, биз доимо гўзал иш қилган бандаларимизни сенга ўхшатиб мукофотлаймиз. Уларни турли синовлар учун танлаб олишимиз ҳам мукофотдир. Чунки шу синовлар орқали улар ажр-савобларга, олий мартабаларга эришадилар, бундан ортиқ мукофот борми? Сени ҳам ўғлингни қурбонлик учун сўйиш орқали синовга дучор қилдик. Юзаки қараганда, бу синов бало-офат ва мусибат бўлиб кўринади. Аммо, аслида эса, мукофотдир. Олий мақомларга эришиш омилидир. Шу синов бўлмаганида, сен қиёматгача фидокорлик тимсоли бўлиб қолмас эдинг. Ҳаммага ўрнак бўлмас эдинг. Илоҳий китобларда зикр қилинмас эдинг. Номинг ибодатларда тиловат этилмас эди. «Албатта, бу очиқ-ойдин синовнинг айни ўзидир». (Соффаат 106 оят).
Яъни, Иброҳимга ўғлини қурбонликка сўйиш амри очиқ-ойдин синовнинг айни ўзидир, бошқа нарса эмасдир. Бу синовдан у яхши ўтди. Унинг ўғли саломат қолди. «Биз унинг ўрнига катта қурбонлик фидо қилдик». (Соффаат 107 оят). Яъни, биз Исмоилнинг ўрнига жаннатдан чиқарилган катта бир қурбонликни фидо қилдик. Иброҳим қурбонлик учун боласини сўйишга тайёрлигини билдирди. Уни ётқизиб, бўйнига пичоқ тиради. Аммо Аллоҳнинг мақсади Исмоилнинг қонини оқизиш бўлмагани учун пичоқ ўтмади. Шунда Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга юқоридаги нидони қилди ва Исмоил алайҳиссаломнинг ўрнига сўйиш учун жаннатдан катта бир қўчқорни ато этди. Иброҳим алайҳиссалом ўша қўчқорни қурбонликка сўйди. Бу ишлар Минода-ҳозир мусулмон ҳожилар қурбонлик сўядиган жойда бўлиб ўтди. Инсоният тарихидаги ўша буюк фидокорлик ҳодисаси ҳар йили такрорланадиган ибодатга айланди.
Ҳар йили мусулмонлар дунёнинг турли томонларидан келиб, бу қиссани ёдга оладилар. Бу улуғ фидокорлик қиссасини ўзлари қайтадан яшайдилар. Иброҳим алайҳиссалом ва Исмоил алайҳиссаломдек Аллоҳнинг йўлида ҳар қандай қурбон беришга тайёр эканликларини тиллари, диллари ва амаллари билан изҳор этадилар. Фидокорлик аломати сифатида қурбонликлар сўядилар. Бу ҳаракатлари билан иймон байроғини янада юқори кўтарадилар. Аллоҳга бўлган итоатларининг энг гўзал томонларини намоён қиладилар. Аллоҳга таслим бўлишни тажрибаларидан ўтказадилар. Шу билан бирга, Аллоҳ таоло яна айтадики: «Ва кейингилар ичида унинг учун (олқишлар) қолдирдик». (Соффаат 108 оят). Дунё тургунча келадиган авлодлар уни мақтаб-олқишлаб ўтадиган қилиб қўйдик. «Иброҳимга салом бўлсин!» (Соффаат 109 оят). Иброҳим алайҳиссаломга Аллоҳ салом айтмоқда! Саломини қиёматгача боқий мўъжизаси Қуръонни Карим орқали эълон қилмоқда! Бу ҳол зот алайҳиссаломнинг қадрлари нақадар юксаклигини яна бир бор кўрсатади.
ХУДО БИЛАН АҲДЛАШУВ БЕЛГИСИ — ХАТНА. Таврот китобининг Ибтидо қисмининг 17- бобида Худованди Карим билан Иброҳим алайҳиссаломнинг мазкур аҳди қуйидагича ҳикоя қилинади: Абрам тўқсон тўққиз ёшга кирган эди. Худованд унга зоҳир бўлиб деди: «Мен Қодир Тангриман. Менинг олдимда покдил бўлиб юргин. Мен сен билан аҳд-паймон қиламан, сени жуда ҳам кўпайтираман». Абрам юз тубан ерга йиқилди. Худо у билан гаплашиб деди: «Мен сен билан аҳд қилиб, сени кўпдан-кўп халқларнинг отаси қиламан. Сенинг исминг энди Абрам эмас, балки Абраам бўлади; зеро сени кўпдан-кўп халқларнинг отаси қилиб тайинладим. Сени жуда ҳам баракали қилиб, сендан эл-халқлар вужудга келтираман. Сенинг уруғингдан подшоҳлар келиб чиқадилар. Мен сен билан ва сендан кейинги авлодларинг билан наслдан-наслга ўтиб барқарор бўладиган абадий аҳдимни тузаман. Сенинг ва сендан кейинги авлодларингнинг Худоси Мен бўламан. Сен ҳозир мусофирларча яшаётган мамлакатни — бутун Канъон ерини сенга ва сендан кейинги авлодларингга абадий мулк қилиб бераман. Уларнинг Худоси Мен бўламан».
Худо Абраамга яна деди: «Энди сен ва сендан кейин туғиладиган барча авлодларинг ҳам Менинг аҳдимга риоя қилиб юринглар. Сенга ва сендан кейинги авлодларингга қуйидаги аҳдга риоя қилишингизни буюраман: орангиздаги ҳар бир эркак хатна қилинсин. Сизлар аъзонгиз учидаги терини кестириб, суннат бўлинглар. Ана шу Мен билан сизларнинг орангиздаги аҳднинг белгиси бўлади. Бундан буён наслингиздан туғиладиган ҳар бир ўғил болангиз, шу жумладан уйда туғилган ва бегона уруғдан бўлиб, сотиб олинган барча ўғил болалар ҳам саккиз кунлигида хатна қилинсинлар.
Хоҳ уйингизда туғилсин, хоҳ сотиб олинсин, сўзсиз хатна қилинсинлар. Менинг аҳдим ўз танангизда муҳрланган абадий аҳд бўлади. Аъзосини кестирмай, суннатсиз тураверган эркак эса ўз қавми орасидан йўқ қилинсин. Бундай киши Менинг аҳдимни бузган ҳисобланади».
Худо Абраамга яна: — Хотининг Сорайни энди Сорай деб чақирма; унинг исми Соро (яъни Бека) бўлсин. Мен уни баракали қилиб, ундан сенга ўғил ҳам бераман. Уни шундай баракали қиламанки, у эл-халқларнинг онаси бўлади. Ундан ҳатто халқларнинг подшоҳлари туғиладилар, — деди. Абраам буни эшитиб, юз тубан ерга йиқилди. «Наҳотки юз ёшга кирган эркакдан бола бўлса? Наҳотки тўқсон яшар Соро бола туғса?» — деб кўнглидан ўтказди ва кулиб юборди.
Сўнг Абраам Худога: — Кошки Измаил Сенинг лутфу караминг остида яшаса эди! — деди. Худо деди: — Хотининг Соро сенга ўғил туғиб бериши муқаррар. Унга Исаак деб исм қўясан. Ундан кейинги авлод учун ҳам абадий аҳд бўлсин, деб Мен у билан аҳдлашмоқчиман. Бироқ, Измаил ҳақида айтган сўзингга ҳам қулоқ бердим. Мен уни баракали қиламан ва жуда ҳам кўпайтираман. Ундан ўн икки қабила йўлбошчиси келиб чиқади. Мен ундан буюк халқ вужудга келтираман. Аммо Ўз аҳдимни эса келаси йил шу вақтнинг ўзида Соро сенга туғиб берадиган Исаак орқали амалга ошираман. Худо Абраам билан гапини тамомлаб, унинг олдидан юқорига кўтарилди. Абраам эса, Худо унга буюрганидек, ўша куннинг ўзида ўғли Измаилни ва унинг хонадонида туғилган ҳамда сотиб олинган бутун эркакларни хатна қилди. Абраам ўзи хатна қилинганида тўқсон тўққиз ёшда эди. Унинг ўғли Измаил хатна қилинганида ўн уч ёшда эди. Улар иккаласи ўша куннинг ўзида суннат қилиндилар. Шунингдек, Абраам билан бирга унинг хонадонидаги барча эркаклар — уйда туғилганлар билан бегона уруғдан сотиб олинганлар ҳам барчаси хатна қилиндилар.
ИБРОҲИМ ВА ИСМОИЛ АЛАЙҲИСАЛОМЛАРНИНГ БАЙТУЛЛОҲНИ ҚУРИШИ. Имом Бухорий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган қиссада, жумладан шундай дейилган: «Иброҳим: «Эй Исмоил, Аллоҳ менга бир иш буюрди», деди. Исмоил: «Роббингиз буюрган ишни адо этинг», деди. «Сен ёрдам берасанми?» деди. «Ёрдам бераман», деди. «Аллоҳ менга мана шу ерга уй қуришни буюрди», деб кичик тепалик ва унинг атрофини кўрсатди. Ана ўшанда Байтуллоҳнинг пойдеворини кўтара бошладилар. Ўғил тош таширдилар, ота қурардилар». «Бақара» сурасида бу жараён қуйидагича ёритилади: «Иброҳим билан Исмоил «Эй Роббимиз, биздан қабул эт, албатта, Сенинг Ўзинг эшитувчи, билувчи зотсан», деб байтнинг пойдеворларини кўтараётганини эсла.
«Роббимиз, икковимизни Ўзингга мусулмон бўлганлардан қил ва зурриётимиздан ҳам Ўзингга мусулмон уммат қил, бизга ибодатларимизни кўрсат, тавбамизни қабул эт. Албатта, Сенинг Ўзинг тавбаларни кўплаб қабул этувчи, раҳмли зотсан». «Роббимиз, уларга ўзларининг ичидан уларга оятларингни тиловат қилиб берадиган, китобни ва ҳикматни ўргатадиган, уларни поклайдиган Пайғамбар юбор. Албатта, Сенинг Ўзинг азиз ва ҳикматли зотсан». (Бақара 127—129 оятлар). Юқоридаги оятлар Байтуллоҳнинг қурилиш жараёнини жонлантириб кўз олдимизга олиб келади. Ота-бола Пайғамбарлар Аллоҳ таолонинг амрига бўйсуниб, дарҳол иш бошладилар. Қалблари тўла тақво ила: «Эй Роббимиз, биздан қабул эт, албатта, Сенинг Ўзинг эшитувчи, билувчи зотсан», деб илтижо айлаб, дуо қилдилар.
Иброҳим ва Исмоил алайҳимассалом Байтуллоҳни қурар эканлар, фурсатни қулай билиб, кўнгилларидаги бошқа дуоларни ҳам қилиб олдилар: «Роббимиз, икковимизни сенга мусулмон бўлганлардан қил…» Ўзлари мусулмон бўла туриб, яна шу дуони қиляптилар. Ҳидоятда бардавом бўлиш учун Аллоҳдан ёрдам умиди. Бутун борлиғи ила Аллоҳга таслим бўлишдан ажрамаслик умиди. Ва улар шу билан бирга ўзларига насиб бўлган иймон неъматидан, зурриётлари ҳам баҳраманд бўлишини тиламоқдалар: «…ва зурриётимиздан ҳам Ўзингга мусулмон уммат қил», демоқдалар. Ақида иши муҳим иш, у мўмин инсон учун энг аҳамиятли масаладир. Шунинг учун аввалги оятларда аҳли ҳарамга ризқ сўраган ота-бола Пайғамбарлар энди зурриётларига Аллоҳдан иймон-ислом сўрамоқдалар. Улар яна Аллоҳдан: «Бизга ибодатларимизни кўрсат, тавбамизни қабул эт», деб сўраяптилар. Бу дуода, мана, Сенинг уйингни қуряпмиз, энди уни ҳаж қилишни ҳам Ўзинг ўргат, деган маъно бўлади. Дуонинг охирида Аллоҳнинг уларни умидвор қилган сифатлари ҳам қўшиб айтиляпти: «Албатта, Сенинг Ўзинг тавбаларни кўплаб қабул этувчи, раҳмли зотсан». Учинчи оятда Иброҳим ва Исмоил алайҳимассалом Аллоҳ таоло томонидан катта неъмат–зурриётларига ўз ичларидан Пайғамбар юборишини сўрамоқдалар. «Роббимиз, уларга ўзларининг ичидан уларга оятларингни тиловат қилиб берадиган, китобни ва ҳикматни ўргатадиган, уларни поклайдиган Пайғамбар юбор». «Ҳикмат»нинг маъноси–ҳар бир нарсани ўз жойига қўйиш демакдир. Уламоларимиз «ҳикмат»дан мурод–Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатлари, деганлар. Мазкур Пайғамбарнинг вазифаларидан бири–уларни поклашдир. Яъни, ширк, куфр ва ёмон одатлардан поклашдир. Аллоҳ таоло Иброҳим ва Исмоил алайҳимассаломнинг дуоларини кўп асрлардан сўнг истижобат қилиб, Муҳаммад алайҳиссаломни Пайғамбар қилиб юборди. У киши Иброҳим ва Исмоил алайҳимассаломнинг зурриётларидан бўлиб, дуодаги барча сифатлар у кишида мужассам. Чин дилдан қилинган дуо, албатта, қабул бўлади. Лекин қабул қилувчи Зот қачон хоҳласа, ўшанда қабул қилади. Одамлар буни тушунмай шошилади, ноумид бўлади, холос.
ИБРОҲИМНИ ҲАЖ ИБОДАТИНИ ЙЎЛГА ҚЎЙИШИ. Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга фақат Байтуллоҳни қуриш шарафинигина бермади. Балки уни қуришдан асосий мақсад бўлган ҳаж ибодатини йўлга қўйишдек буюк бахтни ҳам айни ўша зотга раво кўрди.
Байтуллоҳни қуриш иши Аллоҳ таолонинг Ўзининг бевосита кўрсатмалари асосида бўлган. «Биз Иброҳимга Байтнинг жойини белгилаб бериб…» Ҳатто Каъбаи Муаззамани қаерга қуришни ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзи белгилаб берган. Иброҳим алайҳиссалом ўғиллари Исмоил алайҳиссалом билан Аллоҳ таолонинг амрига мувофиқ кўрсатилган жойга Байтуллоҳни қуриб битирганларидан сўнг, Аллоҳдан қуйидаги фармон келди: «Менга ҳеч нарсани шерик қилма…» Яъни, Байтнинг эгасига ширк келтириш мумкин эмас. Унинг шериги йўқ. «…Байтимни тавоф қилгувчилар, (ибодатда) қоим тургувчилар ҳамда рукуъ, сужуд қилгувчилар учун поклагин». (Ҳаж 26) Байтуллоҳнинг эгаси Аллоҳ таоло томонидан, унинг қурувчиси Иброҳим алайҳиссаломга айтилаётган бу сифатлар мусулмонларда мавжуд. Демак, Байтуллоҳга, Масжидул Ҳаромга мусулмонлар ҳақлидирлар. «Одамларни ҳажга чақир…». Эй Иброҳим, одамларни ҳаж ибодатига чақир. «…улар сен томон пиёда, узоқ-узоқ йўллардан юриб, озиган уловлар устида келсинлар». (Ҳаж 27). Энг узоқ юртлардан ҳам келсинлар. Пиёда юриб бўлса ҳам, келсинлар. Байтуллоҳнинг эгаси унинг қурувчисига шундай деб турганидан кейин, бировнинг мусулмонларни ундан тўсишга ҳеч ҳақлари йўқ. «Ва ўзларига бўладиган манфаатларга шоҳид бўлсинлар». Байтуллоҳни ҳаж қилишда ҳар бир ҳожи учун кўплаб дунё ва охират манфаатлари бор. Ҳажда ижтимоий, иқтисодий ва маънавий манфаатлар кўп. Ҳажга келувчилар, аввало, Аллоҳга ибодат қилади, тақвоси зиёда бўлади, қолаверса, бир-бирлари билан танишадилар, ўзаро фикр ва тажриба алмашадилар, фойдали маслаҳатлар оладилар, шунингдек, савдо-сотиқ, тижорат ҳам қиладилар. Уларнинг бу манфаатларидан баҳраманд бўлишга ҳақлари борлигини Аллоҳнинг Ўзи эълон қилиб қўйган. «Маълум кунларда уларга ризқ қилиб берган чорва ҳайвонларини (сўйишда). Аллоҳнинг исмини зикр қилсинлар». Ҳаж палласи Аллоҳни зикр қилиш авжига чиқадиган мавсум. Бу мавсумнинг авжи эса, ийд кунлари бўлиб, унда зикр қурбонлик сўйиш жараёнида яна авжланади. Ҳар бир ҳожи Аллоҳни йўлида барча нарсани қурбон қилиш рамзи сифатида Аллоҳнинг номини зикр этиб туриб, туя, мол, қўй каби чорва ҳайвонларини қурбонлик қилади. «Бас, улардан енглар ва бечора ва фақирларга ҳам егизинглар». (Ҳаж 28) Қурбонлик қилувчи ҳожи қурбонлигидан ўзи еса ҳам бўлади, бева-бечора, фақир-фуқароларга егизса ҳам бўлади.
«Сўнгра ўзларидаги кирларни кетказсинлар…» Қурбонлик қилиб бўлганидан кейин, ҳожига эҳромдан чиқишга рухсат бўлади. Шунда унинг учун эҳром вақтида мумкин бўлмаган соч олдириш ёки қисқартиришга, қўлтиқ остидаги ва бошқа жойлардаги тукларни, тирноқларни олишга изн берилади. Ҳожи бу ишларни бажариб, ювиниб-таранади. Оятда «…ўзларидаги кирларни кетказсинлар…» дейишдан мақсад шу. «…ва «қадимги уй»ни тавоф қилсинлар». (Ҳаж 29) «Қадимги уй»дан мурод Каъбатуллоҳ. Бу тавофни фарз тавоф, ифоза тавофи, дейилади. Бу тавофсиз ҳаж ҳаж бўлмайди. Шуни адо этишлик билан ҳаж ибодати ҳам тугайди.
Масжидул Ҳаромнинг тарихи ва унда қилинадиган амаллар ана шулардан иборат. Аллоҳ таоло у ернинг ҳурматини сақлашга чақирган. У ерда маълум ишларни ҳаром қилган. Бунга ҳамма амал қилиши керак. Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга қариган чоғларида ато этган ҳалим ўғил Исмоилга боғлиқ ҳодисалар ана шулардан иборат.
ИБРОҲИМ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ МЕҲМОНЛАРИ. Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга Исмоилдан бошқа фарзанд беришни ҳам ирода қилган эди. Ана ўша хурсандчилик хабарини ўзига хос бир услубда етказишни ирода қилди. Бу ҳолни бизга «Заарийаат» сурасидаги оятлар очиқлаб беради: «Сенга Иброҳимнинг карамли меҳмонларининг хабари келмадими?» (Заарийаат 24 оят). Иброҳим алайҳиссалом ҳузурига келган меҳмонлар ёш, хушрўй йигитлар сувратидаги фаришталар эди. Уларни Аллоҳ таоло «карамли» деб сифатлади, чунки улар Аллоҳнинг ҳузурларида мукаррам эдилар. Иброҳим алайҳисаломнинг бундан хабарлари йўқ эди. Шунинг учун ҳам улар кириб у зотга салом берганларида алик олдилар-да, танимаётганларини изҳор қилдилар. «Улар унинг ҳузурига кириб, „Салом“ деганларида, у „Салом, нотаниш қавмлар“, деди». (Заарийаат 25 оят) Сўнгра: «Аҳлига бориб, семиз бузоқни (пишириб) келтирди». (Заарийаат 26 оят). Меҳмонлар олдиларига қўйилган гўштни емай ўтираверганларидан сўнг Иброҳим алайҳиссалом бузоқ гўштини уларга яқинроқ суриб, «Емайсизларми?» дедилар. (Заарийаат 27 оят). Фаришталар овқат емайдилар, шунинг учун улар яна овқатни емай ўтиравердилар. Одатда, меҳмон мезбондан норози бўлса, унга ёмонликни раво кўрса, овқатини емайди. Шунинг учун ҳам Иброҳим алайҳиссалом: «Улардан хавфсиради. Улар „қўрқма“, дедилар ва унга илмли ўғил башоратини бердилар». (Заарийаат 28 оят). Бу гапларни Иброҳим алайҳиссаломнинг хотинлари ҳам эшитиб турган эканлар. «Бас, хотини қичқириб келди ва ўз юзига шапалоқ тушириб, „қари, туғмас хотин-а?!“ деди». (Заарийаат 29 оят). «Улар: „Сенинг Роббинг шундай деди. Албатта, Унинг Ўзи ҳаким ва олимдир“, дедилар». (Заарийаат 30 оят). Яъни, фаришталар Иброҳим алайҳиссаломнинг аёлларига: «Бунақа даҳшатга тушма, ажабланма ҳам, бу гапларни сенинг Парвардигоринг айтди, у ҳамма нарсага қодир-хоҳласа, туғмасга ҳам, қари кампирга ҳам фарзанд бераверади», деган маънодаги гапни айтдилар. Дарҳақиқат шундай ҳам бўлди. Аллоҳ катта ёшдаги икки қари бандасига илмли, кейинчалик Пайғамбар бўладиган Исҳоқ исмли ўғил фарзанд берди. Аллоҳ таоло ота-онанинг қўшилишидан фарзанд дунёга келишини асосий қоида қилиб қўйган. Бу қоидага кишилар шунчалик ўрганиб кетишганки, кўплари ҳақиқий яратувчи Аллоҳ эканини унутиб, иш фақат эру хотин билан битаверади, деган бузуқ ақидага ҳам борадилар. Бандалар Аллоҳни эсдан чиқармасликлари учун яратганнинг Ўзи баъзи ҳолларда юқоридаги қоидани «бузиб» туради. Баъзи кишиларга фақат ўғил беради, қизга зор қилиб қўяди. Баъзиларга фақат қиз беради, улар ўғилга зор бўлишади. Баъзиларга ўғил қизни аралаш беради. Баъзиларни эса бутунлай фарзандсиз қилиб қўяди. Демак, эр-хотиннинг қўшилиши асосий омил эмас, Аллоҳнинг иродаси асос эканини мазкур ҳолатлар доимо эсимизга солиб турмоғи лозим.
Лекин улуғ Пайғамбар бўлган у зот бу фаришталарни бошқа ишлари борлигини сезиб турган бўлсалар керак. Улардан, «Эй элчилар! Сизнинг ишингиз надир?» деб сўрадилар. «Улар: „Албатта, биз жиноятчи қавмга юборилганмиз“. (Заарийаат 32 оят). „Уларнинг устидан лойдан (пиширилган) тошларни ташлаш учун. Роббинг ҳузурида исрофчилар учун белгилаб қўйилганларни“, дедилар». (Заарийаат 33—34 оятлар). Оятдаги «жиноятчи қавм» дан мурод Лут қавмидир. Ўша жиноятчи қавмга Аллоҳ таоло ирода қилган азобни етказиш ушбу, Иброҳим алайҳиссалом билан суҳбатлашиб турган фаришталарга топширилган эди. Шу билан бирга уларга йўл-йўлакай Иброҳим алайҳиссаломга илмли ўғил башоратини бериб ўтиш ҳам топширилган эди.
ИБРОҲИМГА ЎҒИЛ ХАБАРИНИ БЕРГАН ФАРИШТАЛАР. Таврот китобининг Ибтидо қисмининг 18- бобида фаришталарнинг Авраамгаа меҳмон бўлиши ва ўғил хабарини бериши қуйидагича тасвирланган: Куннинг жазирама иссиқ вақтида Авраам чодирининг эшиги олдида ўтирган эди. Бирданига Худованд Мамре болутзори ичидан унга зоҳир бўлди. Авраам бир қараб, рўпарада уч киши турганини кўрди. Авраам уларни кўриши биланоқ чодир эшигидан туриб, уларни кутиб олгани чопди-да, ергача эгилганча таъзим қилди. — Ҳазратим, — деди, — Агар мендан рози бўлсанг, бандангдан юз ўгириб кетма. Бир оз сув келтирсин, оёқларингизни ювинглар, шу дарахт тагида ёнбошлаб дам олинглар. Мен бир луқма нон олиб келай. Дилингизга қувват киритиб, яна сафарни давом эттирасизлар. Бандангиз томон йўлингиз тушибди, ахир. — Хўп, худди айтганингдек қилавер! — деди улар.
Авраам чодирга, Соранинг ёнига шошилиб кирди-да: — Тез бўл, уч тоғора майда ун олиб, хамир қил ва патир ёп, — деди. Сўнг Авраам пода томон чопди-ю, битта яхши, ёш бузоқни олиб, хизматчи йигитга берди. Йигит эса дарҳол бузоқни сўйиб пиширишга қўл урди. Шу орада Авраам сариёғ билан сут келтирди. Бузоқ пишгач, уни ҳам меҳмонлар олдига қўйди.
Улар овқатланар эканлар, Авраам дарахтнинг тагида ҳозир бўлиб турарди. Улар Авраамдан сўрашди: — Хотининг Соро қаерда? — Шу ерда, чодирда, — деди Авраам. Улардан Бири: — Келгуси йил шу вақтда Мен сенинг олдингга қайтиб келганимда, хотининг Соронинг бир ўғли бўлади, — деди. Соро эса Унинг орқа томонида, чодирнинг эшиги олдида гапни тинглаб турарди. У бу гапни эшитиб, ич-ичидан кулиб юборди. Чунки Авраам билан Соро энди жуда қариб қолишган, умрлари охирлаб қолган, Сорода хотинларга хос хусусият ҳам тугаган эди. «Қариганимдан кейин мен яна гаштимни сурар эканман-да! Жанобим ҳам қариб қолганлар-ку, ахир», — деб кўнглидан кечирди. Худованд Авраамга деди: — Нима учун Соро кулиб, «Мен қариганимда яна бола туғсам бўлармикин», деб айтди? Худованд учун имконсиз нарса борми? Келгуси йил белгиланган вақтда Мен сенинг олдингга қайтиб келганимда, Соронинг бир ўғли бўлади, — деди.
ИБРОҲИМГА ИСҲОҚНИНГ БЕРИЛИШИ. Юқоридаги Иброҳим алайҳиссаломга фаришталар томонидан хушхабари берилган илмли фарзанд Исҳоқ эди. Бу маънони «Соффаат» сураси очиқ-ойдин баён қилади: «Яна Биз унга солиҳлардан бир Пайғамбар бўлажак Исҳоқнинг хушхабарини бердик». (Соффаат 112 оят). Иброҳим алайҳиссаломнинг Аллоҳ таоло томонидан мукофотланишлари юқорида зикр этилган нарсалар билан кифояланиб қолмади. Аллоҳ таоло у кишига яна бир ўғил кўришлари, унинг исми Исҳоқ бўлиши, у ҳам солиҳлардан, Пайғамбарлардан бўлишининг хушхабарини берди. Аммо бу билан ҳам кифояланмади, яна зиёда қилди: «Ва унга ҳам, Исҳоққа ҳам барака бердик. Икковларининг зурриётидан гўзал амал қилгувчи ҳам, ўзига очиқ-ойдин зулм қилгувчи ҳам бўлур». (Соффаат 113 оят).
Таврот китобининг Ибтидо қисмининг 35 бобида Исҳоқнинг ўғли Яқуб (Исроил) алайҳиссалом, унинг ўғли эса Юсуф алайҳиссалом эканлиги келтирилган.
ХУДОНИНГ АВРААМГА ИСААКНИ ҚУРБОН ҚИЛ ДЕБ СИНАШИ. Таврот китобининг Ибтидо қисми 22 бобида бу ҳодиса қуйидагича ҳикоя қилинади: Худо Авраамни синаб, унга: — Авраам! — деди. — Лаббай! — деди у. Худо: — Ўзинг севадиган ягона ўғлинг Исаакни олиб Мўриё ерига кет. У ерда Мен сенга айтадиган тоққа чиқиб, ўғлингни қурбон қил, — деди. Авраам эрта билан туриб, эшагини эгарлаб, қурбонлик куйдириш учун ўтин ҳам майдалади-да, қулваччалардан иккитасини ва ўғли Исаакни ўзи билан олди, Худо унга айтган жойга қараб равона бўлди. Уч кун юришгандан кейин Авраам нарига бир кўз ташлади, ўша жойни узоқдан кўрди. У йигитларига: — Сизлар эшак билан бу ерда ўтириб кутиб туринглар. Мен ўсмир билан у ёққа бориб сажда қилиб, яна ёнингизга қайтиб келамиз, — деди. Авраам қурбон куйдиришга ярайдиган ўтинни ўғли Исаакнинг елкасига ортди. Ўт ва пичоқни эса ўзи қўлига олиб, икковлари бирга жўнаб кетдилар. Шу орада Исаак отаси Авраамга: — Отажон! — деди. — Лаббай, ўғлим, — деди у. — Мана, ўт бор, ўтин бор, лекин қурбон қўзиси қани? — деб сўради. Авраам: — Ўғлим, қурбон қўзисини Худо Ўзи беради, — деди. Шундай қилиб, икковлари йўлда давом этдилар. Худо Авраамга айтган жойга келганларида, у қурбонгоҳ тиклаб, ўтинни қалади. Сўнг ўғли Исаакни боғлаб, уни қурбонгоҳ устига, ўтинларнинг устига ётқизди. Авраам пичоққа қўл солиб, ўғли Исаакни бўғизламоқчи бўлган ҳам эдики, бирданига осмондан Худованднинг фариштаси унга хитоб қилди: — Авраам! Авраам! — Лаббай, — деди у. Фаришта: — Ўсмирга қарши қўл кўтарма, унга ҳеч ёмонлик қилма. Мен энди биламанки, сен Худодан қўрқасан, яккаю ягона ўғлингни ҳам Мендан аямадинг, — деди. Авраам бир орқасига бурилиб қараса, чакалакда шохлари ўралиб қолган қўчқорни кўрди. Авраам, қўчқорни олиб келди ва уни ўғли ўрнига сўйиб куйдирди. Худованднинг фариштаси иккинчи гал осмондан Авраамга хитоб қилди: — Мен Зотим ҳақи қасамёд қиламанки, Худованд гапирмоқда: сен бу ишни қилиб, ягона ўғлингни аямаганинг учун, Мен сенга қут-барака бераман. Насл-насабингни кўкдаги юлдузлардай ва денгиз соҳилидаги қумдай кўпайтириб юбораман. Сенинг ўғил- набираларинг ўз душманларининг шаҳарларини оладилар. Сен гапимга қулоқ солганинг учун, ер юзидаги барча халқлар сенинг наслингдан барака топадилар, — деди.
ИБРОҲИМ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ ФАЗИЛАТЛАРИ. Аллоҳ таоло «Наҳл» сурасида Иброҳим алайҳиссаломни васфларида қуйидагиларни айтади: «Албатта, Иброҳим Аллоҳнинг итоат қилгувчи, ҳаққа мойил уммати эди. Мушриклардан бўлган эмас». (Наҳл 120 оят). Ушбу ояти карима Иброҳим алайҳиссаломни «уммат» деб атамоқда. Бу оятдаги «уммат» сўзига «имом» ҳамда «миллат» маънолари берилган. Иккинчи маънога келсак, Иброҳим алайҳиссалом бир ўзлари бутун бошли бир миллат-умматга тенг келган, деган маънони англаймиз. Агар «уммат» дан «имом» маъносини олсак, «йўлбошчи»ни тушунамиз. Дарҳақиқат, бир умматни тўғри йўлга бошловчи имомга унга эргашганларнинг ҳам ажри-савоби берилади. Шунинг учун икки маъно бир-бирини тўлдириб келади, деб ҳар иккисини ҳам олаверган маъқул. Иброҳим алайҳиссаломнинг яна бир сифатлари, «Аллоҳга итоат қилгувчи», Унга бўйинсуниб, ибодат қилувчи эканларидир. Бошқа бир сифатлари, «ҳаққа мойил» эканликларидир. Яъни, ҳақ динга мойил бўлганлар, нотўғри йўлларга юрмаганлар. Энг муҳим сифатлари, «мушриклардан бўлган эмас».
Иброҳим алайҳиссаломнинг кейинги оятларда келадиган сифатлари: Унинг неъматларига шукр қилгувчи эди. У зот уни танлаб олди ва сиротул мустақиймга ҳидоят қилди». (Наҳл 121 оят). Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳнинг неъматларига ҳам сўзларида ҳам, амалларида шукр қилгувчи эдилар.
Ушбу сифатлари учун Аллоҳ Иброҳим алайҳиссаломни танлаб олди ва тўғри йўлга ҳидоят қилди. «Унга бу дунёда яхши (ҳаёт) бердик. Охиратда эса, у, албатта, солиҳлардандир». (Наҳл 122 оят). Иймони ва шукр қилгани туфайли, мазкур гўзал сифатларга эга бўлгани туфайли бу дунёда у кўплаб яхшиликларга эришди. Охиратда эса, албатта, аҳли солиҳлардан бўлади. Демак, икки дунёнинг саодатига эришиши муқаррар. Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида Иброҳим алайҳиссаломни Ўзига халил қилиб олганини бутун оламга эълон қилади: «Яхшилик қилувчи бўлган ҳолида юзини Аллоҳга таслим қилган ва Иброҳимнинг тўғри динига эргашган кимсанинг динидан ҳам яхшироқ дин борми? Ва Аллоҳ Иброҳимни Ўзига халил тутгандир». (Нисо 125 оят).
Бесплатный фрагмент закончился.
Купите книгу, чтобы продолжить чтение.